Кадрлар бўлими ходимига “ҳайфсан” берилди
Розилик олмасдан меҳнат шартномасини ўзгартирган кадрлар бўлими ходимига интизомий жазо қўлланилди.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ташаббуси билан ўтказилаётган “Соғлиқни сақлаш ва таълим тизими ходимларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” ҳуқуқий акцияси доирасида вазирлик томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий перинатал маркази ходими А.Ю.нинг мурожаати ўрганиб чиқилди.
– Ўрганиш давомида ходим А.Ю. 2014 йилда марказга кундузги доя лавозимига ишга қабул қилинган бўлишига қарамасдан, марказнинг жорий йил 21 февралдаги ноқонуний буйруғи билан унинг розилиги олинмасдан меҳнат шартномасига ўзгартиш киритилиб, тунги навбатчиликка мажбурий тартибда қўйилган, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи Есенкелди Утепов. – Аниқланган ҳолатлар бўйича вазирлик томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий перинатал марказига тақдимнома киритилиб, ноқонуний буйруқ бекор қилинди ва ходим А.Ю. ўз иш ўрнига қайтарилди.
Марказда қонун бузилиши ҳолатига йўл қўйган кадрлар бўлими ходимига “ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА