Кадастр органи ходимлари билан очиқ мулоқот
Хоразм вилояти маъмурий суди томонидан Давлат кадастрлари палатасининг вилоят бошқармасида соҳада қонунчиликни тўғри қўллаш, коррупциянинг олдини олиш ва низоларни судгача бўлган босқичда ҳал этиш мавзусида очиқ мулоқот ўтказилди.
Унда вилоят маъмурий суди раиси, судьялари, вилоят прокуратураси вакиллари ҳамда кадастрлар палатасининг вилоят бошқармаси ходимлари ва туман бўлимлари бошлиқлари иштирок этди.
Мулоқотларда суд-ҳуқуқ тизимидаги сўнгги янгиликлар ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган вазифалар юзасидан тушунтиришлар берилди.


Тадбирда вилоят маъмурий суди раиси Жамила Султонова сўзга чиқиб, судьялар кадастр органлари фаолиятида қонунчилик талабларига қатъий риоя қилиш ва коррупциянинг олдини олишнинг аҳамиятига алоҳида тўхталишди.
Шунингдек, маъмурий судларда кадастр органлари мансабдор шахсларининг қарорлари ва хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ кўрилаётган низолар таҳлил қилинди.

Урганч туманлараро маъмурий судига жорий йилнинг биринчи ярмида мазкур тоифадаги 132 та ариза (шикоят) келиб тушган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 24 фоизга камайган. Шу даврда кадастр органларига 14 та хусусий ажрим чиқарилган. Бироқ, бу борадаги ишларимизни янада жадаллаштириб, қонунчилик нормаларига қатъий риоя этишимиз лозим, – деди Жамила Султонова.
Мулоқот якунида иштирокчиларнинг саволларига жавоб берилиб, бундай учрашувлар қонунчиликни бир хил қўллаш ва низоларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири