Кабар: Ўзбекистоннинг янги иқтисодий кун тартиби
Қирғизистоннинг “Кабар” ахборот агентлиги Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотлар янги босқичи ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида таҳлилий мақолани эълон қилди.
Қайд этилишича, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хива шаҳрида тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти 2021 йилда бошланган ушбу форматнинг янги босқичини белгилаган. Айни пайтда мамлакатда 1,2 миллионга яқин тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Сўнгги беш йилда тадбиркорлар томонидан кўтарилган масалалар асосида 84 та қонун ҳамда Президентнинг 861 та фармон ва қарорлари қабул қилинган.
Мақолада бизнесни молиялаштириш, сунъий интеллектни жорий этиш, экспорт салоҳиятини ошириш ва маъмурий босимни камайтириш янги иқтисодий кун тартибининг асосий йўналишлари сифатида кўрсатилган. “Business Start”, “Business Lift” ва “Business Rise” дастурлари, шунингдек, тадбиркорларга банк таклифларини солиштириш имконини берувчи рақамли кредит портали ва кафолатлаш механизмини жорий этиш режалаштирилган.
Шунингдек, Ўзбекистон 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот ҳажмини 180 миллиард доллардан ошириш ва экспортни 40 миллиард доллардан юқори даражага етказишни мақсад қилгани алоҳида қайд этилган. Мақолада бу вазифаларни амалга ошириш самарали ижро, инвестиция, рақобат муҳити, замонавий технологиялар ва инсон капиталини ривожлантиришга боғлиқ экани таъкидланган.
Д.ҲАКИМОВ, ЎзА