Кўп квартирали уйларни қандай бошқариш мумкин?
Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 7 ноябрдаги “Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида”ги қонуни нормаларини апробация қилиш юзасидан Жиззах шаҳрида ҳуқуқий эксперимент ўтказилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 7 ноябрдаги “Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида”ги қонуни нормаларини апробация қилиш юзасидан Жиззах шаҳрида ҳуқуқий эксперимент ўтказилмоқда.
Ўтган ҳафта Жиззах шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, вилоят ва Жиззах шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган ўқув-амалий семинарда ушбу ҳуқуқий экспериментни ташкил этишда амалга ошириладиган ишлар ўрганилди.
Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Музаффар Салиев, Жиззах шаҳри ҳокими Акбар Шукуров, вазирлик ҳузуридаги Уй-жой фонди инспекцияси мутахассислари, Қорақалпоқистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий, Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд ва Сирдарё вилоятларининг уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармалари, ҳудудий инспекциялари раҳбарлари иштирок этган тадбирда экспериментни босқичма-босқич ташкил этиш бўйича белгиланган вазифалар, дастлабки босқичда амалга оширилган ишлар, галдаги вазифалар муҳокама этилди.
Маълумки, коммунал хизмат ҳар бир инсоннинг ва бутун жамиятнинг ҳаётидаги энг зурур соҳа ҳисобланади. Бироқ ана шу муҳим соҳанинг хизмати бугунги кунда давлатимиз томонидан халқимиз турмуш шароитини яхшилаш учун амалга ошираётган ислоҳотлар талабига жавоб бермаслиги аниқ. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 7 ноябрдаги “Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида”ги қонунининг ҳаётга татбиқ этилиши соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этишда муҳим аҳамият касб этади.
Қонунни ҳаётга татбиқ этиш бўйича ҳуқуқий эксперимент олиб борилаётган Жиззах шаҳрида ҳозиргача фаолият юритаётган 52 та хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатининг 21 та йўналиш бўйича фаолиятини хатловдан ўтказиш ишлари тўлиқ якунланди. Хатлов натижаларига кўра, ширкатлар фаолиятида қонун талабларига мос бўлмаган кўплаб ҳолатлар, муаммо, камчилик ва ҳуқуқбузарликлар мавжудлиги аниқланди.
Ўтказилган ҳуқуқий экспертиза соҳани мутахассис ва малакали мутахассислар билан таъминлаш асосий муаммолардан бири бўлиб қолаётганлигини кўрсатди. Жумладан, шаҳардаги мавжуд 52 та ширкатдан 7 тасида раислик ўрни бугунги кунга қадар бўш (вакант) турибди.
Фаолият юритаётган 45 та ширкатдан 16 тасида ширкат раислари ноқонуний равишда тайинланган. Яъни ушбу ширкат раислари шу уйлар мулкдори ҳисобланмайди. Улар бошқа ҳудудларда ёки якка тартибдаги уйларда яшаётган шахслар бўлиб, фуқаролар йиғини раисининг ноқонуний буйруқлари билан тайинланган.
Фаолият юритаётган 45 нафар ширкат раисининг атиги 7 нафари олий маълумотли бўлиб, қолган 38 тасида ўрта махсус маълумотли ёки умуман шу соҳани тушунмайдиган шахслар ишлаётир. Ширкат раисларининг 10 нафаригина соҳа бўйича мувофиқлик сертификатига эга. Қолганлари шу кунга қадар ушбу соҳа бўйича умуман ўқитилмаган.
Ширкат раисларининг 80 фоизи уй-жой фондини сақлаш ва ундан фойдаланиш соҳаси бўйича умуман маълумотга эга бўлмаган аёллардан иборат. Натижада ширкатларнинг аксарият кўпчилиги махсус мутахассисликка эга, коммунал соҳани тушунадиган, техник хавфсизлик қоидаларини биладиган ходимларга эга эмас.
Бошқарувнинг лаёқатсизлиги, ширкат раисларининг билим ва малакаларнинг етишмаслиги моддий-техник базанинг ночорлигида, ажратилган банк кредитларидан самарали фойдаланмасликда яққол кўриниб турибди. Ширкатнинг 48 таси ҳатто хизмат хоналари билан ҳам таъминланмаган.
Кўп хонадонли уй-жой фондини бошқариш ва ундан фойдаланиш борасида комплекс ёндашувнинг йўқлиги аҳолига сифатли ва кафолатли коммунал хизмат кўрсатиш тизимини янада такомиллаштиришга тўсиқ ва уй-жой мулкдорларининг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. Кўп ҳолларда уй-жой фондини техник эксплуатация қилиш ва унда аҳолининг хавфсиз яшаши бўйича белгиланган талаблар бузилишига йўл қўйилмоқда. Бино ва иншоотларни таъмирлаш-тиклаш ишларини бажаришга оид қоида ва муддатларга риоя этилмаяпти, кўп хонадонли уйларга туташ ҳудудларнинг ҳолати санитария нормалари, қоидалари ва гигиена меъёрларига жавоб бермайди.
Семинарда Ўзбекистон Республикасининг уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Музаффар Салиев Ўзбекистон Республикасининг “Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида”ги қонуни ижросини таъминлашдан кўзланган мақсад ва вазифалар, уни босқичма-босқич амалга ошириш тизими, ижроси юзасидан Жиззах шаҳрида ўтказилаётган ҳуқуқий экспериментнинг аҳамиятига, галдаги вазифаларга тўхталди. Қонун нормаларини янада такомиллаштириш ҳамда уни республиканинг бошқа ҳудудларида қўллаш бўйича батафсил маълумот берди.
Ўқув-семинарда Ўзбекистонда кўп квартирали уйларнинг бугунги кундаги техник ҳолати бўйича ўтказилаётган илмий-тадқиқот ишлари ва замонавий шаҳарсозлик тенденциялари, уй-жой мулкдорлари ширкатлари ишини қониқарли, қониқарсиз ёки иқтисодий ночор, ёҳуд боқиманда ҳолатининг баҳолаш мезонлари тўғрисида фикр алмашилди.
Ўзаро мулоқот, савол-жавоб тарзида ўтган семинар сўнггида иштирокчилар ҳуқуқий эксперимент ишчи гуруҳи штаби иши ва ҳужжатлар юритиш жараёнлари билан танишди.
Қонунни амалиётга татбиқ этиш бўйича ҳуқуқий эксперимент Жиззахда, уни жорий этиш республикамизнинг барча ҳудудларида амалга оширилаётир. Шу жиҳатдан ўтказилган тадбир амалий жиҳатдан жуда фойдали бўлди, дейиш мумкин.