Кўҳна заминдаги замонавий кластер...
Бухоро вилоятининг Ромитан туманида фаолият олиб бораётган “Bukhara Cotton Textile Cluster” кўп тармоқли хорижий корхонасига 123,1 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция йўналтирилди.
Бухоро вилоятининг Ромитан туманида фаолият олиб бораётган “Bukhara Cotton Textile Cluster” кўп тармоқли хорижий корхонасига 123,1 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция йўналтирилди.
Мазкур йирик лойиҳага кўра, келгусида кластерда жами 8 компания фаолияти йўлга қўйилади. Пахта экиш агрокомплекси, пахтани қайта ишлаш ва тозалаш заводи, 5 фабрикани ўз ичига олган тўқимачилик мажмуаси, ёғ-мой заводи, 12 минг бош қорамол парваришлашга мўлжалланган чорвачилик фермаси, биогаз ишлаб чиқариш заводи, тежамкор технологияларга асосланган 20 гектарлик иссиқхона, 25 турдан ортиқ сут ва гўшт маҳсулотлари тайёрланадиган корхона шулар жумласидан.
Вилоят марказидаги Ўзбекистон – Буюк Британия “Bukhara Cotton Textile” қўшма корхонаси мазкур тузилманинг муҳим лойиҳаси сифатида аҳамиятлидир. У “Bukhara Cotton Textile Cluster”нинг Ромитан туманидаги агрокластерида етиштирилган пахта толасини қайта ишлайди.
Корхона бино ва иншоотларини қуриш, цехларни замонавий технологик дастгоҳлар билан жиҳозлаш лойиҳаларини амалга ошириш учун ҳозиргача 75 миллион доллар инвестиция маблағи ўзлаштирилган. Йилига 10 минг тонна пахта толасини қайта ишлаш қувватига эга қўшма корхона, яъни тўқимачилик мажмуасининг цехлари босқичма-босқич ишга туширилмоқда.
– Ҳозирда тайёр маҳсулотларнинг 38 коллекциясини яратдик, – дейди корхона директори Муртазо Раҳматов. – Шу коллекция асосида маҳсулот ишлаб чиқаряпмиз. Жаҳон бозорига экспорт қилиш ниятидамиз.
Матони бўяшда ишлатиладиган қимматбаҳо табиий бўёқ олинадиган “indigofirm” ўсимлиги ҳам айнан кластер ҳудудида экиляпти.
– Корхонамизда жинси шимлар ишлаб чиқарилмоқда, – дейди корхона ишчиси Малика Хўжаева. – Махсус машина ёрдамида ушбу шимларга декоратив ишлов берамиз. Турли бичимлар яратиш устида изланишдамиз.
Кластерни яратиш олим ва иқтисодчилар, қишлоқ хўжалиги, саноат ходимлари, дизайнер салоҳияти, илғор тажрибасини ягона мақсад йўлида бирлаштиришни тақозо қилади. Шу боис янги лойиҳада нафақат ўзбекистонлик, балки хорижлик етакчи олимлар, илмий-тадқиқот марказлари ходимлари, мутахассислари ҳамда тадбиркорлар билан музокаралар олиб борилди.
– Қўшма корхонада асосан жинси матосидан маҳсулотлар ишлаб чиқарилади, – дейди туркиялик инвестор Жўшқин Ренкли ўғли. – Кунига беш минг дона жинси шим чиқарамиз. Бу ойига 150 мингга яқин тайёр маҳсулот дегани. Келажакда маҳсулотларни Европа мамлакатларига экспорт қилишни режалаштиряпмиз.
Айни пайтда кластерга Ромитан туманидан 8 минг гектар ер ажратилган. Илгари бу ерда атиги 436 киши меҳнат қилган бўлса, ҳозирги кунда уларнинг сони 3 мингдан ошди. Келажакда бу рақам янада ортади. Энг муҳими ишчидан тортиб, раҳбарларгача яхши ойлик олади.
Карантин даврида ҳам корхона бир маромда ишлаб турибди. Дунёнинг энг номдор компанияларидан олиб келинган технологик линиялар уйғунлигида бренд саналган “Denim indigo” жинси ҳамда бошқа харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган.