Журналистлар учун тиббий кўрик
Андижонда журналистлар, оммавий ахборот воситалари, ахборот хизматлари ходимлари ҳамда соҳа фахрийлари учун бепул тиббий кўрик ташкил этилди.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида Андижон шаҳридаги 8- оилавий поликлиникада ўтказилган тиббий кўрикка Андижон вилоятидаги тиббий марказларнинг малакали мутахассислари, Андижон давлат тиббиёт институти ва институт клиникасининг тажрибали шифокорлари таклиф этилди.
–Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан ўтказилган тиббий кўрикка терапевт, кардиолог, офтальмолог, лор, травматолог, дерматолог, эндокринолог, невропатолог, акушер-гинеколог, кожвенеролог, онколог, гепатолог сингари ўн бешга яқин йўналишлар бўйича малакали шифокор-мутахассислар, жалб этилди, – дейди Андижон шаҳар 8- оилавий поликлиника раҳбари Шоҳжаҳон Пўлатов. – Бундан ташқари, ижодкорлар умумий қон, қанд текшируви, жигар синамалари, гепатит таҳлили бўйича лаборатория ҳамда рентген, УЗИ, ЭКГ, рентгенография, флюрография текширувларидан ҳам ўтказилди.
[gallery-15327]
Поликлиникада тиббий кўрикни юқори савияда ўтказиш учун зарур шароитлар яратиб берилди. Малакали, ширинсўз шифокорларнинг хизматидан ижод аҳли беҳад мамнун бўлди.
–Тиббий кўрик янги йилнинг илк кунларида шифокорларнинг ижодкорларга туҳфаси бўлди, – дейди фахрий журналист, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Назиржон Саидов. – Энг асосийси, саломатлигимизни назоратдан ўтказиб, керакли хулосалар олдик. Шу ўринда ижод аҳлига кўрсатилган эътибор учун вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарларига, кўрик ташкилотчиларига ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Кўрик жараёнида 200 нафардан зиёд матбуот соҳаси вакили, фахрийси тиббий текширувлардан ўтказилди. Тиббий кўрик давомида шифокорлар томонидан турли хасталиклари борлиги аниқланган ижодкорларга зарур тавсия ва маслаҳатлар, бир неча кишига эса даволаниши учун йўлланмалар берилди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари