Журналистлар пахта теримида иштирок этди
7 октябрь – Халқаро пахта куни
Халқаро пахта куни арафасида журналистлар учун Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институтига пресс-тур ташкил қилинди. ОАВ вакиллари институт пахта уруғи банки ва ноёб пахта навлари билан таништирилди.

Мутахасислар томонидан таъкидланишича, бугунги кунда мамлакатимизда пахтачилик соҳасида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. 122 та пахтачилик-тўқимачилик кластерида, пахтачилик илмий марказлари ва институтларида пахтанинг янги серҳосил, эртапишар, қўрғоқчилик ва шўралаган тупроқ шароитларига чидамли навларини яратиш бўйича тадқиқотлар амалга оширилмоқда, машинасозлик корхоналарида пахтага ишлов берадиган янги инновацион технологияларга асосланган техникалар, ускуна ва жиҳозлар ишлаб чиқарилмоқда.

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан молиялаштирилган пахтачилик соҳасидаги умумий қиймати 6,5 миллиард сўмлик 11 та инновацион лойиҳа амалга оширилмоқда. Қатор лойиҳалар илмий-техник кенгашлар томонидан ўрганилмоқда.
Пахтачилик Ўзбекистон халқ хўжалигининг муҳим соҳаси. Пахта инсонни кийинтиради,ундан озиқ-овқат маҳсулотлари ва саноат учун қимматли хом ашёлар олинади. Чорва озуқаси тайёрланади. Саноатнинг бошқа кўплаб соҳалари тўқимачилик, озиқ-овқат, кимё, автомобилсозлик, самолётсозлик, мой-бўёқ, қоғоз ишлаб чиқариш, тиббиёт, қурилиш, мебель саноати ва бошқа соҳалар ривожи ҳам пахтачилик билан бевосита боғлиқдир.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, 2019 йилнинг 7 октябрида Жаҳон савдо ташкилоти, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) котибиятлари, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг савдо ва тараққиёт бўйича конференцияси (UNCTAD), Халқаро савдо маркази (ITC) ва Халқаро пахта бўйича маслаҳат қўмитаси (ICAC) биринчи марта жаҳон пахта кунини эълон қилди. Пахта бўйича халқаро маслаҳат қўмитасининг таклифига биноан Жаҳон савдо ташкилоти ҳар йили 7 октябрь кунини Халқаро пахта куни сифатида нишонлаш қарорини қабул қилган. Шу кунда барча пахта етиштирувчи давлатларда ўтказиладиган тадбирлар пахтачиликни, пахтани қайта ишлаш саноатини ривожлантириш, соҳада ўтказиладиган тадқиқотлар ва инновацион ишланмаларни қўллаб-қувватлаш, соҳада халқаро ҳамкорликни такомиллаштириш ва бошқа амалий чораларни белгилашга қаратилади.
Пресс-тур давомида пахтачилик соҳасидаги олимлар ва мутахасисларнинг фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.
Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институтига ташриф буюрган журналистлар институт иссиқхоналаридаги ноёб пахта навлари билан таништирилди. Институтнинг тажриба участкасида пахта теримида иштирок этди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА