Мактаб маслаҳатчиси лавозимига номзодлар сараланмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Термиз шаҳридаги 14-умумтаълим мактабида мактаб маслаҳатчиси лавозимига талабгорлар учун тест синовлари ўтказилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 8 сентябрдаги “Мактабдан ташқари таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисидаги” қарори билан мамлакатимиздаги давлат мактабларида мактаб маслаҳатчиси лавозими жорий этилди. Ушбу қарор асосида ташкил этилган Сурхондарё вилояти “Келажак” маркази томонидан мактаб маслаҳатчиси лавозимига номзодлар белгиланган тартиблар асосида тест синовларидан ўтмоқда.
– Вилоятимиздаги 972 та мактабга маслаҳатчи лавозими учун 1020 нафар номзод рўйхатдан ўтган, - дейди Сурхондарё вилояти “Келажак” маркази директори Феруз Қодиров. – Улар тест синови орқали ўз билимини синовдан ўтказмоқда. Тест синовларида номзодларнинг касбий билими, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан хабардорлиги, шунингдек, ёшлар билан ишлаш кўникмалари баҳоланади.
[gallery-29563]
Маълумот ўрнида айтиш керак, “Келажак” марказларининг умумий ўрта таълим ташкилотларида вертикал тизимини жорий этиш мақсадида ўқувчиларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича мактаб маслаҳатчиси лавозими жорий этилди. Уларнинг асосий вазифалари умумий ўрта таълим ташкилотларида “Президент иқтидорли фарзандлари” миллий дастури мазмунини ёритишдир.
Маслаҳатчилар ўқувчилардаги коммуникатив ва ташкилотчилик қобилиятини мустаҳкамлаш, уларда медиа ва рақамли саводхонликни шакллантиришга кўмаклашади.
Саралашнинг иккинчи босқичида, яъни тест синовларидан муваффақиятли ўтган номзодлар билан суҳбат ўтказилади. Суҳбатдан ўтган номзодлар мактаб маслаҳатчиси лавозимига тайинланади.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА