Жумагул момо шуҳрат қозонди
Президентимизнинг жорий йил 25 августдаги Фармонига кўра, “Шуҳрат” медали билан тақдирланган асрга тенгдош нуронийлар қаторида Пахтачи тумани Қарнабота қишлоғида яшовчи, 105 ёшли Жумагул Саидова ҳам бор.
Жумагул момо 1916 йилда Навоий вилояти Кармана туманида туғилган. Болалик йиллари оғир, суронли даврларга тўғри келгани боис 14 ёшидан бошлаб далага чиқиб меҳнат қилган, ер ҳайдаган, ғалла ўрган.

1940 йилда Пахтачи тумани Қарнабота қишлоғида яшовчи Жўра Саидов билан турмуш қургач, шу қишлоқда яшаб, меҳнат қилди. Икки ўғил, икки қизни вояга етказиб, уларни ўқитди, уйли-жойли қилди.
Момо бугун фарзандлари, 9 невара, 15 эвара, 28 чевара эъзозу эҳтиромида катта оиланинг табаррук дуогўйи бўлиб ҳаёт кечирмоқда.

Самарқанд вилоят ҳокими ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи А.Умаров Жумагул момонинг уйига бориб, табаррук онахонга Президентимиз номидан “Шуҳрат” медалини топширди. Суҳбат чоғида кекса авлод вакиллари давлатимизнинг доимий эътиборида эканлиги таъкидланди. Уларда ғамхўрлик кўрсатиш, эъзозлаш барчамиз учун шарафли бурчдир.
Ўз навбатида Жумагул момо уруш йиллари қийинчиликлари, колхозда, қишлоқ касалхонасида ишчи бўлиб ишлаган йиллари ҳақида сўзлаб, бугунги дориламон кунларнинг қадрига етиш кераклигини айтди. Дуога қўл очиб, Президентимизга соғлиқ-омонлик, юртимизга тинчлик-хотиржамлик тилади.

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА