“Welt” нашри: Ўзбекистон дунёга юз тутмоқда
Ўзбекистонда сўнгги йилларда маданият ва санъатни ривожлантириш, бой тарихий меросни асраб-авайлаш ҳамда миллий қадриятларни халқаро миқёсда тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар юртимизнинг жаҳон маданий маконидаги ўрнини мустаҳкамламоқда.
Германиядаги Ўзбекистон Элчихонаси билан ҳамкорликда тайёрланган навбатдаги таҳлилий материалда айнан шу жараёнлар, Ўзбекистон маданиятига бўлган халқаро қизиқиш ва миллий меросимизнинг жаҳон миқёсидаги аҳамияти ҳақида сўз юритилади.
Бунга Германиянинг нуфузли “Welt” нашрида эълон қилинган “Ўзбекистон дунёга юз тутмоқда?” сарлавҳали мақола асос бўлади. Унда мамлакатимиздаги маданий ислоҳотлар, тарихий меросни асраб-авайлаш, замонавий санъатни ривожлантириш ва мамлакатнинг халқаро маданий майдондаги нуфузи ҳақида фикр юритилган.
Журналист Штефан Грунднинг таъкидлашича, мамлакатнинг қадимий цивилизация мероси, замонавий маданий инфратузилмаси ва йирик халқаро лойиҳалари Ўзбекистонни жаҳон ҳамжамиятига кенг танитишнинг муҳим омили сифатида талқин этилган. Нашр маданий янгиланиш жараёнларини халқаро ҳамкорлик, туризм, таълим ва иқтисодий тараққиёт билан узвий боғлиқ ҳолда таҳлил қилган.
Мақола Самарқанднинг тарихий Регистон майдонида таниқли хитойлик пианиночи Ланг Ланг иштирокида ўтказилган концерт таассуротлари билан бошланади. Ўзбекистон Миллий симфоник оркестри ҳамроҳлигида Бетховен ва Гершвин асарлари, шунингдек, миллий чолғу асбоблари иштирокида ўзбек композитори Анор Назаровнинг “Тароналар базми” композицияси ижро этилган. Тарихий обидалар бағрида ташкил этилган ушбу мусиқа кечасини журналист Шарқ ва Ғарб маданиятлари уйғунлиги ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро маданий мулоқотга очиқлигининг ёрқин намунаси сифатида баҳолайди.
“Welt” газетаси мамлакатдаги маданий ўзгаришларда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017 йилда ташкил этилган Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг ўрнини алоҳида урғулайди. Нашр жамғарма раиси Гаянэ Умерова раҳбарлигида миллий санъатни халқаро майдонда тарғиб қилиш, маданий меросни асраш ва замонавий ижодий муҳитни шакллантириш борасида кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилаётганини таъкидлайди.
Хусусан, 2025 йилда ташкил этилган Бухоро замонавий санъат биенналеси халқаро маданий ҳаётда муҳим воқеалардан бири сифатида эътироф этилган. Жамғарма раисига кўра, “Синган қалблар учун рецептлар” мавзусида ўтказилган мазкур тадбирга икки миллион нафар томошабин, жумладан, бир миллион хорижий меҳмон ташриф буюрган. Биеннале буюк аллома Абу Али ибн Сино ҳақидаги ривоятдан илҳомланган бўлиб, миллий анъаналар ва замонавий санъатнинг ўзига хос уйғунлигини намоён этган.
Шунингдек, мақолада ўзбекистонлик рассомларнинг Венеция биенналеси, Япония, Хитой ва бошқа мамлакатлардаги халқаро кўргазмаларда фаол иштирок этаётгани, жумладан, ёш ижодкор Айгул Сарсен ҳамда таниқли концептуал рассом Вячеслав Ахунов ижодига эътибор қаратилган.
Немис журналисти Тошкентда очилган Замонавий санъат марказини (Centre for Contemporary Arts - CCA) мамлакат маданий ҳаётидаги муҳим янгиликлардан бири сифатида тавсифлайди. Франциянинг “Studio KO” меъморлик бюроси томонидан тарихий саноат биноси негизида ташкил этилган марказнинг “Ҳикмат” номли илк кўргазмасида турли мамлакатлар ижодкорларининг асарлари намойиш этилмоқда.
Нашр марказнинг нафақат кўргазмалар, балки илмий изланишлар, таълим ва ижодий мулоқот учун ҳам хизмат қилишига алоҳида урғу берган. Г.Умерованинг таъкидлашича, бундай масканлар маҳаллий ва хорижий ижодкорларни бирлаштириш, айниқса, ёшларнинг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш учун янги имкониятлар яратади.
Мақолада Ўзбекистоннинг улкан туристик имкониятлари, хусусан, Самарқанднинг ЮНЕСКО Жаҳон мероси рўйхатига киритилган Регистон, Бибихоним масжиди, Гўри Амир мақбараси ва Шоҳи Зинда мажмуаси каби тарихий обидаларига юқори баҳо берилган.
Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази эса Марказий Осиёнинг бой илмий-маърифий меросини, ислом цивилизациясининг IX-XVI асрлардаги юксалиш даврини замонавий технологиялар воситасида намойиш этувчи йирик маданий мажмуа сифатида тавсифланган. Унда ЮНЕСКОнинг “Жаҳон хотираси” рўйхатига киритилган Усмон мусҳафи каби ноёб тарихий қўлёзмалар ўрин олгани қайд этилган.
Шунингдек, Нукусдаги И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи “Саҳродаги Лувр” дея таърифланиб, унинг ноёб авангард санъат коллекцияси халқаро маданий туризм учун катта аҳамиятга эга экани таъкидланган.
Нашр Тошкентнинг ўзига хос модернизм меъморчилигига ҳам эътибор қаратиб, “Ўзбекистон” меҳмонхонаси, Чорсу бозори ва “Космонавтлар” метро бекатини пойтахтнинг бетакрор меъморий қиёфасини акс эттирувчи иншоотлар сифатида тилга олган. Шу ўринда, ушбу масканлар жорий йилда ЮНЕСКОнинг бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилганини қайд этади.
Мақолада миллий ҳунармандчиликни қайта тиклаш, хусусан, каштачилик, кулолчилик ва ҳудудларга хос анъанавий нақшларни асраб-авайлаш борасидаги ташаббуслар ҳам ижобий баҳоланган. Муаллиф ҳунармандчилик марказлари билан ҳамкорликда минглаб хотин-қизлар уй шароитида меҳнат қилиб, ўз даромадига эга бўлаётганини таъкидлайди. Бу жараён миллий меросни сақлаш билан бирга, аёлларнинг тадбиркорлик фаолиятини юксалтиришга хизмат қилаётгани қайд этилган.
Немис нашри Ўзбекистонда режалаштирилган янги маданий инфратузилма лойиҳаларига ҳам алоҳида тўхталган. Жумладан, машҳур япон меъмори Тадао Андо лойиҳаси асосида Тошкентда барпо этилаётган Ўзбекистон Миллий музейининг 2028 йил март ойида очилиши режалаштирилгани, Бухорода жадидчилик мероси ва этнография музейлари, Самарқандда эса Ипак йўли музейини ташкил этиш кўзда тутилгани маълум қилинган.
Мазкур лойиҳаларда Германиянинг “Atelier Brückner” каби халқаро меъморлик бюролари иштирок этаётгани ҳам икки мамлакат ўртасидаги маданий ва ижодий ҳамкорликнинг амалий ифодаси сифатида аҳамиятли.
Нашрда таъкидланишича, маданият, санъат ва туризмнинг ўзаро уйғун ривожланиши Ўзбекистоннинг халқаро жозибадорлигини ошириш, хорижий сайёҳлар оқимини кенгайтириш ҳамда иқтисодиётнинг турдош тармоқларини рағбатлантириш учун муҳим имкониятлар яратмоқда.
Умуман, “Welt” нашри мақоласида Ўзбекистонда кечаётган маданий янгиланишлар, халқаро ижодий алоқаларнинг фаоллашуви ва тарихий меросни замонавий санъат билан уйғунлаштиришга қаратилган ташаббуслар немис журналисти нигоҳида ёритилган.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА