Жорий йилда тадбиркорларни нималар кутмоқда?
Бизга маълумки, давлатимизнинг иқтисодий, ижтимоий, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, банк-молия, мудофаа ва бошқа соҳаларини ривожлантириш, такомиллаштириш, ушбу соҳаларда мавжуд муаммоларни ечимига қаратилган таклиф ва режалар, юртимизнинг яхши анъанасига айланиб улгурган, ҳар йили бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президентининг парламентга Мурожаатномасида ёритиб берилади.
Бу йили ҳам анъанага мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти парламентга Мурожаатномасида бутун дунёни таҳликага солган ва барчани эсанкиратиб қўйган коронавирус Covid-19 инфекциясининг дунё бўйлаб тарқалиши ва унинг жаҳон иқтисодиётига беҳисоб зарар кўрсатаётганлигини инобатга олиб, олдимизга қўяётган режалар, амалга оширилаётган ислоҳотлар пандемия зарбасини юмшатишга қаратилиши лозимлиги, шунингдек ушбу ислоҳотлар натижаси давлат бошқарувидаги самарадорликка узвий боғлиқ эканлиги таъкидланди.
Мурожаатномада, хусусан, иқтисодий ислоҳотларни жадал амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб қувватлаш масалаларига алоҳида урғу бериб ўтилди.
Асосий эътибор иқтисодиётнинг барча жабҳасига бозор механизмини жорий этишга қаратилиши лозимлиги таъкидланиб, иқтисодиётимизда таркибий ўзгартиришлар орқали узоқ муддатли барқарор ўсиш пойдеворини яратиш зарурлиги айтиб ўтилди.
Хусусан, устав капиталининг асосий қисми давлатга тегишли бўлган бир қатор банкларни хусусийлаштириш ва бу орқали банк соҳасида соғлом рақобатни шакллантириш ва банк хизматлари ва кредитлаш сифатини оширишга эришиш таъкидланди. Бунда банк хизматлари кўламини кенгайтириш, яъни янги молиявий инструментлар, масалан фонд бозорини ривожлантириш, облигациялар чиқариш орқали молиялаш каби хизматларни, банк фаолиятига рақамли технологияларни татбиқ этиш лозимлиги айтиб ўтилди.
Бугунги кунда кўпгина соҳаларда ҳам давлатнинг улуши аксариятни ташкил қилиши сабабли, бозор механизмларни ишлашига, инвестициялар жалб қилинишига тўсиқ бўлаётгани, давлат активларининг тартибсиз бошқарилиши оқибатида давлат корхоналари аянчли аҳволга келиб қолганлиги айтиб ўтилди ва давлат корхоналарини ислоҳ қилиш, уларни молиявий соғломлаштириш, хусусийлаштириш ва уларни трансформация қилиш жараёнларини амалга ошириш таклифи берилди. Ҳозирги кунда йирик корхоналарнинг мутахассислари ва техник имкониятлари ҳозирги замон талабларига жавоб бермаслиги Давлат раҳбари томонидан таъкидлаб ўтилди.
Шу ўринда юртимизда тадбиркорликни жадал ривожлантириш, тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб қувватлаш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга яқиндан кўмак бериш мақсадида бир қатор таклифлар, режалар ва йўналишлар берилди.
Хусусан, касб-ҳунарга ўргатувчи ўқув курсларини битириб, ўз бизнесини бошламоқчи бўлган фуқароларга келгуси йилидан бошлаб
7 млн.сўмгача субсидиялар бизнес учун ускуналар сотиб олиш мақсадида берилиши, деҳқончилик билан шуғулланадиган оилаларга 1 гектаргача ер ажратилиши режалаштирилди. Тадбиркорларга хом-ашё сотиб олишда тенг имкониятлар яратиладиган бўлди. Табиий газ монополияси бекор қилиниб, табиий газнинг улгуржи бозори шакллантирилади, шунингдек бошқа хом-ашёлар, чунончи заргарлик буюмлари учун кумушни сотишда биржа бозори йўлга қўйилади.
Давлат харидларини электрон тарзда шакллантирилганлиги оқибатида тадбиркорлар камида 10 трлн.сўмга яқин товарларни давлат харидлари электрон платформасига сотиш имкониятига эга бўлдилар.
Мурожаатномада тадбиркорлик ва кичик бизнесни қўллаб қувватлашга қаратилган бир қатор муҳим таклифлар, пандемия оқибатларини юмшатишга қаратилган чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилганлиги ҳозирги вақтда айниқса жуда ҳам аҳамиятли ва бизнес вакиллари томонидан кутилган давлат томонидан бизнесни қўллаб - қувватлаш учун қилинаётган эътибор деб баҳолаш мумкин. Жумладан:
- туризм, транспорт ва умумий овқатланиш соҳасидаги имтиёзлар келгуси 2012 йилнинг охиригача узайтирилади;
- 20 000 та тадбиркор учун ер ва мол-мулк солиқларини тўлаш муддатлари (400 млрд.сўмга тенг) яна бир йилга узайтирилади;
- «оилавий тадбиркор» дастури учун 6 трлн.сўм миқдорда имтиёзли кредитлар ажратилади;
- тадбиркорларга валютани ҳозирги вақтдагидек 4 кун эмас, ярим муддатда кун ичида сотиб олиш учун имкон яратилади, бунда банклараро валюта бозори онлайн платформаси яратилади ва тадбиркор банкнинг ўзидан тўғридан-тўғри сотиб олиш имкониятига эга бўлади;
- хусусий, давлатнинг гарантияси бўлмаган тўғридан-тўғри инвестицияларни йирик ва ўрта инвестициявий лойиҳаларга жалб қилишни жадаллаштириш ва бунинг учун ҳуқуқий асос яратиш мақсадида келгуси йилнинг февралигача «банк бўлмаган кредит ташкилотлари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамага киритилади ва келгусида қабул қилинади;
- ислом молиясини татбиқ қилиш учун ҳуқуқий мезонлар яратилади;
- ерга нисбатан хусусий мулк ҳуқуқини жорий этиш бўйича ишлар давом эттирилади ва ерни хусусийлаштиришга оид мезон яратилади;
- хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш барча даражадаги давлат органларининг асосий вазифаси эканлиги таъминланади;
-тадбиркорлар ҳуқуқларини бузаётган мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий чоралар кўриш вазифасини Бизнес-омбудсманига топширилади;
- тадбиркорга унинг бизнес ҳамкорининг солиққа доир қарзлари ҳақида маълумот олиш имконияти яратилади;
- 105 турдаги лицензия ва рухсатнома турлари бекор қилинади, 105 та лицензия ва рухсатнома бўйича тартиб-қоидалар соддалаштирилади;
- тадбиркорликка доир 5000 яқин норматив ҳужжатлар қайта кўриб чиқилади, уларнинг сони қисқартирилади ва «Тадбиркорлик кодекси» ишлаб чиқилади;
- тадбиркорлик субъектларини текшириш бўйича эълон қилинган мораторий яна бир йилга узайтирилади.
Ишончимиз комилки, муҳтарам президентимиз томонидан таклиф қилинган режалар ва ислоҳотлар мамлакатимиз иқтисодий ривожланишига, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг муҳофазаси янада мустаҳкамланишига ўз ижобий таъсирини кўрсатади. Ушбу мурожаатда илгари сурилган таклиф ва фикрларни ҳаётга татбиқ этилиши албатта Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлигини ортишига, тўғридан-тўғри инвестицияларнинг кириб келишига замин яратади, шу билан бирга мутахассисларнинг давлатимизнинг мазкур соҳадаги қонунчилигини такомиллаштириш бўйича тегишли норматив – ҳужжатларни жадал равишда қайта кўриб чиқишни талаб этади.
Ҳамида Мамажонова, Тошкент давлат юридик университети
«Бизнес ҳуқуқи» кафедраси ўқитувчиси