Жўқорғи Кенгес раиси тадбиркор ёшлар билан учрашди
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев Нукус шаҳрида фаол ва ташаббускор, шунингдек, маҳаллаларда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган ёшлар билан учрашди.
Унда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ташаббусларини рўёбга чиқариш ва тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш борасида яратилаётган имкониятлар ҳақида сўз юритилди. Хусусан, Президентимиз томонидан Қорақалпоғистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга, шу жумладан, ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва уларнинг бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор таъкидланди. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 5 ноябрдаги “Қорақалпоғистон Республикасида олиб борилаётган ислоҳотларни янада жадаллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган имтиёз ва имкониятлар, улардан ёшлар манфаати йўлида самарали фойдаланиш масалалари юзасидан маълумот берилди.

Мулоқот давомида ёшлар томонидан тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш учун банк кредитлари, фаолият юритиш учун бино ва иншоотлар ажратиш, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, шунингдек, стартап лойиҳаларни бошлашда юзага келаётган масалалар кўтарилди.

Ҳар бир мурожаат ва таклиф кўриб чиқилиб, уларнинг ечимини топиш бўйича тегишли масъулларга аниқ вазифалар юклатилди. Айрим масалалар юзасидан жойида амалий чоралар кўриш, қолганларини эса белгиланган тартибда ҳал этиш бўйича топшириқлар берилди.
Учрашув якунида ёшлар билан мулоқотни изчил давом эттириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорлик фаолиятидаги тўсиқларни бартараф этиш зарурлиги таъкидланди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири