Қўнғир айиқлар тоғ қўйнида қишки уйқуга ҳозирлик кўрмоқда (+видео)
Одатда айиқларнинг суратларини кўрганмиз. Ҳайвонот боғларида томоша қилганмиз. Бироқ, бу жониворнинг қишки уйқу даври яқинлашгач, совуқ кунларда сарфланадиган энергия захирасини тўплаш учун озуқа излаб, ҳаракатланишини кўпчилигимиз кузатмаганмиз.
Сурхондарё вилоятидаги “Юқори Тўпаланг” миллий табиат боғида ўрнатилган фотоқопқон Тянь-Шань қўнғир айиғининг табиий яшаш муҳитида озуқа излаб ҳаракатланаётганини тасвирга олди. Унда мамлакатимиз фаунаси ноёб вакилларидан бирининг юриши ва ҳаёт тарзи акс этган.
Тянь-Шань қўнғир айиғи табиатан камёб, мозаик тарқалган кенжа тур ҳисобланади.
Куз фаслида қишки уйқу даври яқинлашгач, айиқлар изғиринли фаслда сарфланадиган энергия захирасини тўплаш учун фаол озиқланади. Тянь-Шань қўнғир айиғи Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқининг Қизил рўйхати ва Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган.
Мутахассисларнинг айтишича, мамлакатимизда қўнғир айиқларни муҳофаза қилиб, кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда “Юқори Тўпаланг” миллий табиат боғида қирқдан ортиқ қўнғир айиқ яшайди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири