Жондорда сумалак сайли ташкил этилди
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Бухоро вилояти Кенгаши ташаббуси билан халқ депутатлари Жондор туман Кенгашидаги партия гуруҳи аъзолари иштирокида “Мурғак” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи депутат Бекзод Жумаев хонадонида Наврўз умумхалқ байрами арафасида Сумалак сайли ташкил этилди.
– Сумалак пишириш шунчаки йиғилиб бир таом пишириш эмас, балки ёшу қарини бир жойда жамлаш, меҳр-оқибат, инсонпарварлик, меҳр улашиш демакдир, – дейди партиянинг вилоят Кенгаши раиси Махсуд Муҳаммедов. – Бу эзгу қадриятларимиз бардавомлигини таъминлаш, шунингдек, турли қўшиқларни айтиш, халқ ўйинларини ўйнаш орқали миллий ўзлигимиз, бой тарихий меросимиз, қадр топган қадриятларимизни ёшлар орасида кенг тарғиб этиш ҳам ҳисобланади. Асрлар оша яшаб келаётган сумалак сайли халқимизнинг қадим тарихи ва руҳияти билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, аждодларимиз қалбидан жой олган беғубор туйғуларга уйғун.

Сумалак сайлида иштирок этган партия фаол ёшлари томонидан миллий қадриятларимиздан бири саналган арқон тортиш мусобақаси ташкил этилди. “Мурғак” фольклор жамоаси томонидан айтилган лапар ва ўланлар сайлга янада ўзгача кайфият бағишлади.
Сайл давомида қадим тарихимиз, ўзлигимизнинг ёрқин ифодаси саналган сумалак атрофида юртимиз тинчлиги, осойишталиги, дастурхонлар файзу барокатини тилаб дуога қўл очилди. Дошқозонда қайнаган сумалак тарқатилди.

Партияга хайрихоҳлик билдирганларга партия аъзолик гувоҳномалари ҳам топширилди.
Тадбирда Наврўз айёми муносабати билан бой маънавий меросимиз, тарихимиз, маданиятимиз, миллий анъана ва қадриятларимиз, урф-одатларимизни ривожлантириш йўлида фидокорона меҳнат қилиб келаётган бир гуруҳ фаол ва ташаббускор вилоят, туман Кенгаши депутатларига партиянинг ташаккурномалари тақдим этилди.

Зариф Комилов, ЎзА