Жондорда ижтимоий объектлар ишга тушди
Бухоро вилояти Жондор тумани Чорзона маҳалласида 50 ўринга мўлжалланган оилавий болалар боғчаси ўз фаолиятини бошлади. Якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган Нафиса Тўлаева “Ферузабону” оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасасини қисқа муддатда барпо этиб, ишга туширди. Муассасанинг очилиш маросимида туман мутасаддилари, меҳнат фахрийлари, ота-оналар иштирок этиб, маҳалла фаоллари ва жажжи болажонларни самимий муборакбод этди.
Рамзий алвон лента қирқилгач, меҳмонлар мактабгача таълим ташкилотида ҳозирланган шарт-шароит билан яқиндан танишди. Тадбир баҳонасида болажонлар устозлари билан биргаликда тайёрлаган шеърлари, куй-қўшиқ ва рақсларини намойиш қилди. Мазкур муассаса билан тумандаги мактабгача таълим ташкилотларининг умумий сони 170 тага етди.


Чорзонадаги оилавий болалар боғчаси билан бирга “Оғар” қишлоғида оилавий шифокорлик пункти биноси ҳам янгидан таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. Тантанали тадбирда туман мутасаддилари, жамоатчилик вакиллари, тиббиёт бирлашмаси масъуллари ҳозир бўлди.
“Нурафшон” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган “Оғар-2” оилавий шифокорлик пункти биноси 10 та хонадан иборат бўлиб, лаборатория, эмлаш, стоматология, акушер-гинеколог, қайдхона, патронаж ҳамширалари ҳамда умумий амалиёт шифокори хоналаридан ташкил топган. Бино зарур тиббий ускуналар билан бирга халқаро стандартларга тўла мос келадиган замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан ҳам жиҳозланган.



Зариф Комилов, ЎзА мухбири