Жиззахда вилоят судлари боғи барпо этилди
Президентимиз ташаббуси билан юртимиз бўйлаб ўтказилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Жиззах вилояти судлари ходимлари ҳам фаол иштирок этмоқда.
Шароф Рашидов тумани “Сўлоқли” МФЙ ҳудудида жойлашган 3 гектар ер майдонига 4 минг тупга яқин мевали ва манзарали дарахт кўчати экилиб, ушбу янгидан барпо этилган боққа “Жиззах вилоят судлари боғи” деб ном берилди.
Дастлаб етук боғбонлар томонидан кўчат экиш тартиби батафсил тушунтирилиб, кўчат экишга мослаб ер тайёрланди, ҳар бир туп кўчатга сув етиб бориши учун зарур ишлар амалга оширилди. Шундан сўнг, вилоят судьялари ва суд ходимлари кўчат ўтқазишга киришди.
– Бу каби боғларнинг барпо этилиши бутун дунёда иқлим ўзгариши, чўлланиш ва сув тақчиллиги шиддат билан кечаётган бугунги кунда экологик муҳит барқарорлигини таъминлаш, она табиатни асраб-авайлаш, яшил ҳудудларни кенгайтириш борасида юртимизда олиб борилаётган хайрли ишларга вилоят суд тизими вакилларининг ҳам кичик бир ҳиссасидир, – деди Жиззах вилоят суди раиси Акрам Шукуров. – Зотан, барпо этилаётган яшил майдонларнинг мамлакатимиз экологияси ва халқимиз саломатлигидаги аҳамияти беқиёс бўлиб, бугун эзгу ниятлар билан қадалган ниҳоллар жонажон Ўзбекистонимизнинг, ҳар биримизнинг ортимиздан униб-ўсиб келаётган ёш авлоднинг манфаатлари учун хизмат қилади.
[gallery-20604]
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари