Жиззахда санитар тозалаш хизмати учун 15 та янги техника топширилди
Жиззах вилоятида санитария тозалиги хизматлари қамровини кенгайтириш ва атроф-муҳит муҳофазасини кучайтириш борасида яна бир муҳим қадам ташланди. Ҳудудларга 15 та замонавий, тўлиқ электр қувватида ҳаракатланувчи чиқинди ташиш махсус техникалари фойдаланишга топширилди.
Хитойда ишлаб чиқарилган янги машиналарнинг ҳар бири 8 куб метр сиғимга эга. Ушбу техникалар чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиш ва санитария тозалиги самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Натижада аҳоли учун тоза ва соғлом муҳит яратилади.


Янги техникаларни жалб этиш натижасида вилоятда санитар тозалаш хизматлари қамровини 70 фоиздан 77 фоизга етказиш, қўшимча 120 минг нафар аҳолига хизмат кўрсатиш имконияти яратилмоқда.
Янги техникаларнинг 10 таси “Тоза ҳудуд” ДУК, 5 таси эса “Эко-сфера” МЧЖ тасарруфига берилди. Бу эса чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш, хизматлар қамровини кенгайтириш ва ҳудудларда санитар-экологик ҳолатни янада яхшилашга хизмат қилади.


Зеро, замонавий ва экологик жиҳатдан самарали техникалардан фойдаланиш нафақат чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиш, балки аҳоли учун қулай яшаш шароитларини яратиш ва атроф-муҳитни асрашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири