Жиззахда қатағон қурбонлари ёд этилди
Ўзбекистонда 2001 йилдан буён 31 август – Қатағон қурбонларини ёд этиш куни сифатида нишонлаб келинмоқда. Жиззах вилоятининг қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларида яшаб ўтган қатағон йиллари қурбонлари истиқомат қилган хонадонларда бўлиб, уларнинг авлодлари ҳолидан хабар олинди, хотирланиб ёдга олинди.
1 сентябрь куни бутун Ўзбекистон халқи мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз икки йиллиги кунини кенг нишонлайди. 31 август куни эса бутун диёримизда 1918-1934 йилларда мустабид тузимга қарши миллий озодлик курашида иштирок этиб ана шу озодлик йўлидаги курашда қурбон бўлган ва собиқ иттифоқ даврида “босмачиларга қарши кураш” деб, аслида миллий-озодлик уруши тугагандан кейин ҳам бир неча йиллар давомида қатағон қилинган ота-боболаримизни ёд этиш куни сифатида хотирланади.


Янги Ўзбекистон бугун сиёсий, ижтимоий, иқтисодий жиҳатдан юксалиш босқичи сари дадил одимламоқда. Ривожланган давлатлар қаторида бўлиш, юрт ободлиги, халқ фаровонлиги йўлида одилона, халқчил сиёсат олиб борилаётгани сабаб ҳам ривожланган давлатлар Ўзбекистон билан тенгма тенг давлат сифатида муносабатда бўлаётир.
Бугун, айнан ўша қатағон йиллари қурбонига айланган, ўзбек романчилигига асос солган, буюк адибимиз Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” асаридаги “Мозийга қараб иш кўрмоқ хайрлидир” деган гапларига риоя қилиб, ўша қатағон йилларидаги мураккаб ва таҳликали даврларни ёдга олар эканмиз, яқин тарихимизда содир бўлган, Туркистон ўлкасини ваcсаллик уйқусидан уйғотиб юбора олган миллий-озодлик ҳаракатлари тўлқини иштирокчилари бўлган миллий озодлик курашчиларини “Давлат душмани”, “Халқ душмани” дейилиб, қатил этилгани, қатағон қилингани тарихимизни аччиқ ҳақиқатидир.

Ўша мустабид тузум ичида туриб, миллий озодлик байроғини дадил тута олган, эрксизликка муросасиз бўлган, тузумга қарши қурол кўтариб чиққан, миллий озодлик кураши бошчиларининг асл мақсади 70 йилдан ортиқроқ давр мобайнида халқимиздан яшириб келинди. Уларнинг юрт озодлиги йўлида олиб борган миллий кураши, истиқлолчилик ҳаракатларига “босмачилик ҳаракати” дея ном берилиб, халқимизнинг довюрак қаҳрамон ўғлонларига “босмачи”, “халқ душмани” тамғалари босиб келинди.
Тарихнинг аччиқ ҳақиқати сифатида миллатнинг етакчилари мағлуб бўлгани, илмли, миллати, халқи озодлиги учун жонини фидо қиладиган асил фарзандлари қатил этилгани, қатағонга учрагани, сургун қилингани, кўпларининг жасадлари совуқ ўлкаларда қолиб кетгани, кейинчалик озодлик учун курашган “айблари” авф этилгани, яъни кечирилганлари ҳам оиласи бағрига қайтгач, кўп ўтмай совуқ ўлкаларда юқтириб олган турли касалликлардан вафот этиб кетганлари, бугун барчамизга аён.
Жорий йилнинг 24 август куни очиқ суд мажлисларида қатағон қурбонларининг авлодлари томонидан йўлланган ариза, илтимоснома ва протестлари кўриб чиқилиб, қаноатлантирилди. Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддасига асосан жами 5 жиноят иши бўйича 240 нафар шахсга нисбатан Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг оқлов ҳукми чиқарилди.
Ўтмишини билмаганнинг келажаги бўлмайди, деган халқимизнинг доно гапи бор. Зеро, бугун бутун Ўзбекистон халқи катта тантана қилаётган Энг улуғ, Энг азиз байрам Мустақиллик куни арафасида, яъни 31 август куни ўша қатағон йиллари қурбонларини хотирлаяпмиз, ёд этяпмиз, уларнинг руҳларини шод этяпмиз.

31 август – Қатағон қурбонларини ёд этиш куни муносабати билан “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Жиззах шаҳар бўлинмаси томонидан шаҳардаги маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилиб ўтган, қатағон йиллари қурбони бўлган юртдошларимиз яшаб ўтган хонадонларда бўлиб, уларнинг хотираси ёд этилиб, руҳи-покларига қуръон тиловат қилинди.
Жумладан, Жиззах шаҳар ҳокимлиги, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Жиззах шаҳар бўлинмаси шаҳардаги “Турон” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, қатағон қурбонлари яшаб ўтган хонадонларда бўлиб, уларнинг авлодлари ҳолидан хабар олинди.
Айни пайтда, “Турон” МФЙдаги мавжуд 571 хонадонда 3 минг 570 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади.
– Ушбу маҳалла шаҳарнинг энг кўҳна маҳаллалардан бири ҳисобланади, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Жиззах шаҳар бўлинмаси раиси Тўлқин Тўрақулов. – Ушбу маҳаллада яшаб ўтган 34 нафар фуқаро қатағонга учраб, кўпчилигининг жасадлари сургун қилинган ўлкаларда қолиб кетган.

Ушбу маҳалладаги қатағон йиллари қурбонлари яшаб ўтган хонадонларда бўлдик, уларнинг фарзандлари, набиралари ҳолидан хабар олдик, хотирларини ёдга олиб, қуръон суралари тиловат қилиниб, савоби уларнинг руҳларига бағишланди.
Қатағон қурбони бўлган инсонларнинг оилалари ичидан эҳтиёжманд, кам таъминланган, оиласида ногиронлиги бўлган оилаларга “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳисобидан 11 турдаги озиқ-овқат ва кундалик уй-рўзғор маҳсулотлари берилди. Ушбу хайрли тадбир билан қатағон қурбонлари руҳини шод этиб, эҳтиёжманд оилаларга озгина бўлсада қувонч улашган бўлсак, олдимизга қўйган мақсадимиз амалга ошди, деб ўйлайман.
Эътиборлиси, ушбу 31 август – Қатағон қурбонларини ёд этиш куни хайрия тадбири ўша мудҳиш қатағон қурбонларига айланган юртдош ота-боболаримиз яшаб ўтган Жиззах вилоятининг барча қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлиб ўтмоқда.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА