Жиззахда Навоийхонлик тадбирлари давом этмоқда
Жиззах вилоятининг барча шаҳар ва туманларида, олий, ўрта-махсус, умумтаълим ўқув юртларида шеърият мулкининг султони, буюк мутафаккир Мир Алишер Навоий таваллудининг 581 йиллигига бағишланган байрам ва маъданий-маърифий тадбирлар, ғазалхонлик кечалари, учрашув ва давра суҳбатлари бўлиб ўтмоқда.
Зафаробод туманида улуғ мутафаккирнинг таваллудига бағишлаб ташкил этилган байрам тадбирида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, Зафаробод туман ҳокимлиги, Маънавият маърифат маркази туман бўлинмаси, маҳаллий ёзувчи, шоир, журналистлар, жамоатчилик вакиллари ҳамда ўқувчи-ёшлар иштирок этди.
Байрам тадбири туман марказидаги истироҳат боғига ўрнатилган Ҳазрат Навоий ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиш билан бошланди.
Тадбирда Ҳазрат Навоий ижоди, фаолияти, бетакрор асарлари, унда илгари сурилган ватанпарварлик, севги ва муҳаббат, дўстликка садоқат, устоз-мураббийларга, ота-оналарга ҳурмат туйғулари беназир сатрларда юксак маҳорат билан талқин этилгани, ўзбек тили ва ўзбек классик адабиётига асос солган буюк тилшунос олимнинг ижодини ўрганиш ҳар бир адабиёт шинавандаси, ҳар бир ўзбекистонликнинг муқаддас бурчи эканлиги алоҳида таъкидланди.
Тумандаги 1-, 10-, 14-, 17- ва 18-сонли умумтаълим мактабларининг юқори синф ўқувчилари томонидан шеърият мулкининг султони Мир Алишер Навоий қаламига мансуб ғазаллар айтилди.
Маданият уйи қошидаги “Ёш актиёрлар” тўгараги иштирокчилари томонидан саҳналаштирилган “Алишернинг болалиги” чиқишлари намойиш этилди.
Буюк шоир Навоий ҳазратларининг ғазалларига басталанган “Қаро кўзим”, “Эй Сарвиноз”, “Топмадим” каби бир қатор қўшиқлари “Чўл қувар” ашула ва рақс ансамбли томонидан маромига етказиб ижро этилди.
Байрамона безатилган боғда Навоий асарларининг кўргазмаси ўтказилди.
***
Жиззах шаҳар “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ташаббуси билан ташкил этилган маданий-маърифий тадбир ҳам юқори кайфиятда ўтди.
Унда шеърият мулкининг султони, буюк бобокалонимизнинг ижоди ва ҳаёти ҳар биримизга ва айниқса ёш авлодлар учун намуна экани айтиб ўтилди.
Байрам тадбирида Жиззах шаҳар маданият бўлими вакиллари иштирокида Навоий ижодига мансуб ғазалларга басталанган қўшиклар янгради.
Шаҳардаги 19-сонли умумтаълим мактабининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Ирода Саидова раҳбарлигидаги ўқувчилар ҳазрат Навоийнинг ғазал ва рубоийлари ўқилди.
Навоийхонлик кечалари Жиззах вилоятининг барча ҳудудларида давом этмоқда.
[gallery-5708]
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат) ЎзА