Жиззахда “Келажак лидерлари” клуби фаолият бошлади
Жиззах вилояти ҳокимлигининг Инновацион марказида “Келажак лидерлари” клубининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.
Унда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги департаменти, вилоят ҳокимлиги, давлат органлари, мутасадди ташкилотларнинг раҳбар ва ходимлари, ёш давлат фуқаролик хизматчилари, “Келажак лидерлари” клубига саралаб олинган 50 нафар ёш йигит-қизлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
[gallery-3609]
Президентимизнинг жорий йил 13 июлдаги “Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан, вилоятларда иқтидорли ёшлар орасидан янги авлод захира кадрларини шакллантиришга қаратилган “Келажак лидерлари” клубини ташкил этиш белгиланган эди.
Давлатимиз раҳбарининг ушбу фармони ижроси доирасида жорий йилнинг 16 июль куни “Жиззах вилоятида “Келажак лидерлари” клубини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги вилоят ҳокимининг қарори тасдиқланиб, шу муносабат билан Самарқанд вилоятида тажриба асосида вилоятдаги 20 ёшдан 35 ёшгача бўлган олий таълим муассасалари талабалари ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида фаолият юритиб келаётган ёш давлат фуқаролик хизматчилари учун “Келажак лидерлари” клуби ташкил этилди.
– Клубни ташкил этишдан асосий мақсад, давлат хизмати учун янги авлод кадрларини шакллантириш, ёшларни, айниқса, ёш хотин-қизларни давлат хизматига кенг жалб этиш, давлат хизматининг жозибадорлигини ошириш ва ёш истиқболли кадрлардан раҳбарлик лавозимларига захира шакллантириб боришдан иборат, – дейди Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги департамент мудири Баҳодир Мирусманов.
“Келажак лидерлари” клубига аъзоларни саралаш Жиззах вилоятида ҳам тўрт босқичда амалга оширилди.
Белгиланган муддат давомида электрон платформага 430 та ҳужжат қабул қилинди. Танловнинг 2-босқичида тест синовлари ўтказилиб, номзодлар “test.argos.uz” сайтида “Келажак лидерлари-2021” платформасида тест топширди. Бу ёшлардан 89 нафари ёки 50 фоизи тест синовларидан 56 ва ундан юқори балл тўплаб, танловнинг кейинги босқичига ўтди.
Номзодларнинг “Халқни севадиган давлат хизматчиси” мавзусида ёзма иншо (эссе) ёзиш орқали билим даражалари синовдан ўтказилди. Унда 84 нафар номзод иштирок этиб, ҳаммаси кейинги босқичга ўтказилди. Суҳбатда 50 нафар ёш лидер саралаб олинди. Саралаб олинган клуб аъзоларининг 24 нафари олий таълим муассасалари талабалари бўлса, 26 нафар ёш йигит-қизлар давлат фуқаролик хизматчиларидан ташкил топди.
Клубнинг очилиш маросимида клуб фаолияти юзасидан тақдимот ўтказилиб, мақсад ва вазифалари ҳақида маълумот берилди.
– Клуб аъзолари учун ташкил этилган амалий машғулотларда муваффақиятли иштирок этган ёшлар ўзларининг туман ва шаҳарларида ҳам клуб фаолиятини йўлга қўяди, 20-35 ёшли ёшларни давлат фуқаролик хизматига тайёрлаб боради, – дейди “Келажак лидерлари” клуби президенти Дилшод Мирзаев. – Клуб аъзоларимиз орасидан энг юқори кредит-балл тўплаган вакиллар “Ҳоким билан бир кун”, “Давлат фуқаролик хизматчисининг дублёри”, “Давлат хизматини ривожлантириш агентлигида бир кун” каби лойиҳаларида иштирок этади, шунингдек, ўз йўналишига мос давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларига стажировка ўташлари учун бириктирилади.
– Фаол аъзолар кредит-балл тизимида тегишли балларни бир йил давомида тўплаб, ушбу балларни клуб томонидан тақдим этиладиган имтиёзларга алмаштириш имкониятини қўлга киритади, – деди клуб вицепрезиденти Отабек Мусурмонов. – Клуб аъзоларини рағбатлантириш мақсадида фаол аъзолар истаган давлат органлари ва ташкилотларида амалиёт ўташи, хусусан, ривожланган хорижий давлатларда ҳам, Давлат бошқарув академиясининг “Келажак лидерлари” ўқув-курсига ўқишга юборилади. Ёш истиқболли кадрлар сифатида раҳбарлик лавозимларига захирага олиниши, юқори даражадаги давлат тадбирларида иштирок этиши, шунингдек, давлат мукофотларига тавсия этилиши назарда тутилган.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА