Жиззахда ишбилармонларнинг бизнес-форуми
“Жиззах” кимё-индустриал технопаркида Ўзбекистон ва Россия ишбилармонларининг бизнес-форуми бўлиб ўтди. Унда Татаристон Республикаси бош вазирининг ўринбосари, саноат ва савдо вазири Олег Коробченко, Жиззах вилоят ҳокимининг ўринбосари Нодир Нурматов, Татаристон савдо-саноат палатаси раиси Шамиль Агеев, “Химград” АЖ бош директори Айрат Гиззатуллин ва россиялик тадбиркорлар иштирок этди.
Президентимизнинг жорий йил 20 апрелдаги “Жиззах ва Тошкент вилоятларида кимё-саноат технопаркларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида “Жиззах пластмасса” АЖга тегишли ҳудуддан жой танланиб, ўтган 2022 йилнинг октябрь, ноябрь ва жорий йилнинг март ойларида “Химград” AЖ ва Россия компаниялари вакиллари ушбу корхонада бўлиб, Жиззах вилоятида кимё-саноат технопаркини ташкил этиш бўйича ташкилий ишларни амалга оширган эди.
– Жиззах шаҳрида ўтган Ўзбекистон – Россия ишбилармонларининг бизнес-форумида катта бизнес миссиясини амалга оширдик, – дейди “Химград” технополис бош директори Айрат Гиззатуллин. – Энг асосий ва катта лойиҳамиз Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан ташкил этилган “Жиззах” кимё-индустриал технопаркининг тақдимоти бўлиб, у муваффақиятли амалга оширилди.
Тақдимотда бугунги кунда бу ерда инвестициялар киритиш учун катта имкониятлар мавжудлиги, технопарк ҳудудига ўтказилган саноат зонасининг ҳолати, маҳаллий ҳокимлик томонидан кўрсатилиши кўзда тутилган ёрдам, бизнесни ривожлантириш учун мавжуд ва яратиладиган имкониятлар ҳақида сўз борди. Шунингдек, икки йилдан буён фаолият юритаётган Қозон Федерал университети Жиззах филиали, Жиззах политехника институти, бошқа хорижий ва маҳаллий олий ва техник ўрта махсус ўқув юртларида кадрлар тайёрланаётгани ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди.
Умумий майдони 13,5 гектар, қурилишлар амалга оширилган майдон 72 минг квадрат метрни ташкил этади. Ушбу технопаркка камида 100 миллион АҚШ доллари қийматида инвестиция киритилиб, бу ерда ишлаб чиқариш, янги иш ўринлари яратилиши, 30 дан кам бўлмаган янги, йирик лойиҳалар амалиётга татбиқ этилиши назарда тутилмоқда. Тақдимотдан сўнг, бизнес форум иштирокчилари технопаркда фаолият олиб бораётган “Helbeto Jizzah Chemicals” масъулияти чекланган жамият шаклидаги Ўзбекистон – Туркия қўшма корхонаси фаолияти билан танишди.
– Биз буюртмалар асосида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган пахта маҳсулотларидан тортиб, бўёқ маҳсулотигача қўшиладиган кимёвий воситаларни тайёрлаймиз, – дейди “Helbeto Jizzah Chemicals” МЧЖ ижрочи директори Абдулла Рамазонов. – Корхона бир йилда 50 минг тоннагача химикат воситалари ишлаб чиқариш қувватига эга. Ҳозирги кунга қадар 50 нафар ёш даромадли янги иш ўринлари билан таъминланди. Яқин кунлар ичида тозаловчи воситалар(совун, техник шампун, гел)ни ишлаб чиқаришга ихтисослашган лойиҳа ишга туширилади.
“Жиззах” кимё-индустриал технопарки айнан “Жиззах пластмасса” АЖ негизида ташкил этилган. Ушбу корхона мамлакатимиздаги полиэтилен қувурлар, плёнкалар ва кенг турдаги халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқарадиган йирик корхона ҳисобланади. Бу ерда ишлаб чиқарилаётган барча маҳсулотлар халқаро стандартларга жавоб беради. Тадбир иштирокчилари технопаркдаги саноат тармоқлари фаолияти, меҳнат қилаётган ишчи-хизматчиларга яратилган шарт-шароитлар билан таништирилди.
Форум иштирокчилари Жиззах шаҳридаги саноат зонасида фаолият юритаётган бир қатор саноат корхоналарида бўлиб, уларнинг фаолияти билан ҳам танишди. Жумладан, “Жиззах аккумулятор заводи” АЖ корхонасидаги иш жараёнларини кузатдилар. Олти юз киши меҳнат қиладиган ушбу корхона автотранспорт воситалари учун йилига турли ҳажмдаги 1 миллион дона аккумулятор ишлаб чиқариш қувватига эга. Маҳсулотларнинг асосий қисми МДҲ давлатлари ва ички бозорга сотилади. Иштирокчилар кондитер маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Deya” фабрикасида бўлди. Уч юз нафар хотин-қиз меҳнат қилаётган корхонада йилига 50 турдаги 12 минг тонна кондитер маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, асосий қисми экспортга йўналтирилган.
Бизнес-форум иштирокчилари “Master Building Products Vero Group” корхонасида ҳам бўлди. Бу ерда саноат, қурилиш, маиший, маданий, қишлоқ ва халқ хўжалигида ишлатиладиган халқаро стандартларга жавоб берадиган жиҳоз ва материаллар ишлаб чиқарилади. Корхонада 500 киши доимий ва даромадли иш билан таъминланган. Делегация аъзолари Ахат Гиззатуллин бошчилигидаги вилоят “Идль” татар миллий маданий маркази вакиллари татар миллатининг қадимий “Сабан тўй” маросимида иштирок этди.
– Биз, Ўзбекистон – Россия ишбилармонларининг Татаристонда ўтган 3-бизнес форуми чоғида мамлакатингиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Татаристон Республикаси раиси Рустам Минниханов билан учрашувида зиммамизга юклатилган топшириқларни адо этиш мақсадида юртингизга келдик, – дейди Татаристон бош вазирининг ўринбосари, саноат ва савдо вазири Олег Коробченко. – Унга кўра, икки давлат ўртасидаги товар оборотини камида 1 миллиард доллардан оширишдек улкан вазифа юклатилган. Жами 45 нафар делегация аъзоси, шундан 30 дан ортиқ бизнес доирасида Россия федерациясида катта нуфузга эга бўлган ишбилармонлар ушбу форумда иштирок этди. Республикаларимиз ўртасида ўзаро ҳамкорлик қилиш учун катта имкониятлар захираси мавжуд деб ўйлайман.
Ҳозир Татаристон ва Ўзбекистон ҳамкорликда Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳридаги технопаркни очди, иккинчи лойиҳамиз бўйича Жиззахда фаолиятини бошлаган технопарк тақдимоти бўлди. Навоий ва Бухорода ҳам технопаркларни очиш режалаштирилган.
[gallery-14162]
Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев Ўзбекистон – Россия бизнес-форуми иштирокчиларини қабул қилиб, ҳар икки давлат ўртасидаги ўзаро дўстона ҳамкорликлар узоқ йиллар давом этишига ишонч билдиришини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон ва Россия ишбилармонларининг бизнес-форумида соҳага тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилиш юзасидан музокаралар ўтказилди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари