Жиззахда ғалабага чанқоқ авлод тарбияланмоқда
Жиззах шаҳридаги “Кибер арена” спорт мажмуаси бу гал ёшлар шижоати, матонати ва ғалабага бўлган интилишини ўзида мужассам этган катта спорт майдонига айланди. “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” спорт мусобақалари доирасида ташкил этилган “Жиззах вилояти ҳокими Олимпиадаси” нинг Таэквондо WT ва Паратаэквондо WT бўйича вилоят босқичи нафақат спорт баҳси, балки ёш авлод тарбиясига қаратилган муҳим маънавий-маърифий майдон сифатида ҳам аҳамият касб этди.
Мусобақада вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан келган иқтидорли спортчилар қатнашиб, ғалаба учун муросасиз кураш олиб боришди. Майдонда ёш таэквондочиларнинг техник маҳорати, чаққонлиги, иродаси ва жанговар руҳи яққол намоён бўлди. Айрим беллашувлардаги кескин рақобат, тезкор қарор ва аниқ зарбалар мусобақанинг спорт даражаси юксак бўлганини кўрсатди.

Энг муҳими, ушбу мусобақалар орқали нафақат чемпионлар, балки ўз олдига катта мақсад қўядиган, юрт шаъни учун курашишни фахр деб биладиган янги авлод шаклланиб бормоқда.
Тақдирлаш маросимида иштирок этган Жиззах вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Нозимжон Усмонов спорт соҳасида яратилаётган имкониятлар ёшларнинг иқтидорини кашф этишда муҳим омил бўлаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Дарҳақиқат, бугун мамлакатда спортга қаратилаётган эътибор ўз самарасини бераётир. Айниқса, олимпия ва паралимпия ҳаракатига оид мусобақаларнинг қуйи бўғиндан тизимли ташкил этилаётгани иқтидорли ёшларни саралаб олиш, уларни катта спортга тайёрлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мусобақада Паратаэквондо WT йўналишининг ҳам ташкил этилгани Янги Ўзбекистонда инклюзив спорт тамойиллари тобора мустаҳкам қарор топаётганининг амалий ифодаси бўлди. Бу эса жамиятда ирода ва имконият ҳар қандай чекловдан устун эканини яна бир бор намоён қилди.

Тадбирда МОҚ Жиззах вилояти ижрочи директори Акмал Аҳмедов, Адаптив спорт турлари ассоциацияси Жиззах вилояти бошқармаси ижрочи директори Жамшид Хўжабеков ҳамда соҳа мутасаддилари иштирок этиб, республика босқичига йўлланма олган спортчиларга омад ва зафарлар тилади.

Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар диплом, медаль ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди. Аммо бу беллашувда энг катта ютуқ медаль ёки совға эмас, балки юрагида ғалабага ишонч уйғонган ёшлар сафининг кенгайганида бўлди.
Жиззахда ўтган ушбу мусобақа яна бир ҳақиқатни намоён қилди: спорт майдонларида чиниққан авлод — мамлакатнинг эртанги таянчи, миллат ғурури ва Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам пойдеворидир.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири