Марафон: ишонч ва матонат ғалаба қозонди
Мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида “Инсон қадри учун, инсон бахти учун” тамойили устуворлик касб этмоқда. Бунда ногиронлиги бор шахслар, жисмоний имконияти чекланган кишиларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш доимий эътибор марказида бўлади.
Президент Администрацияси ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташаббуси билан Наманган шаҳрининг Дввлатобод туманидаги Янги Наманган шаҳарчасида ташкил этилган меҳр, ирода ва инсонийлик байрами – “Инсон учун” шиори остидаги инклюзив марафон юзлаб юракларни бир эзгу мақсад атрофида жамлади.
Республика Олий таълим, фан ва инновациялар; Мактабгача ва мактаб таълими, Спорт вазирликлари Наманган вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда уюштирилган марафонда 350 дан ортиқ ногиронлиги бор юртдошларимиз қатнашиб, ўз матонати ва ҳаётга бўлган чексиз ишончини намоён этди.
Жасорат соҳибларига янада таянч бўлиш учун эса, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси, “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларининг 250 дан ортиқ ходимлари ва кўнгилли ёшлар биргаликда марра чизиғи сари дадил қадам ташладилар.
Марафон иштирокчилари кўзи ожиз ва заиф кўрувчилар; эшитишда нуқсони бор ва заиф эшитувчилар; ақлий ривожланишда ортда қолган шахслар; ҳаракат- таянч аъзолари шикастланганлар ўз йўналишлари бўйича баҳслашдилар.
[gallery-29517]
– “Инсон учун” марафони мен учун орзу ва кутилмаган ғалабага айланди. Марафонда фаол қатнашиб, фахрли биринчи ўринни қўлга киритдим, – дейди Тўрақўоғон туманида истиқомат қилувчи ногиронлиги бор Зилола Ваҳобова. – Тўғриси, бу натижа мен учун шунчаки ғалаба эмас, бу орзулар рўёби эди. Ич-ичимдан шу марафонда ғолиб бўлишни орзу қилардим. Ушбу муҳим тадбирни юксак савияда ташкил этган барча ташкилотчиларга, қўллаб-қувватлаган устозларга ва менга ишонч берган ҳар бир инсонга чуқур миннатдорлик билдираман.
Ўзига хос инсонпарварлик марафонида ҳар бир номинация бўйича ғолиблар (эркаклар ва аёллар ) диплом ҳамда пул мукофотлари билан тақдирланди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат),ЎзА