Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Пахтакор туманида болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг хавфсизлиги ва муносиб ҳаёт кечиришини таъминлашга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда. Туман "Инсон" ижтимоий хизматлар маркази болаларни ҳимоя қилиш шуъбаси томонидан етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга фуқаролик паспортини олишда амалий ёрдам кўрсатилди.

Шунингдек, тазйиқ ва зўравонликка учраган, алоҳида эътиборга муҳтож болаларнинг яшаш шароити ўрганилиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Ота-оналар билан профилактик суҳбатлар ўтказилиб, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашга эътибор қаратилмоқда.
***
Жиззах шаҳридаги Ёшлар маҳалласида "Қизлар тарбияси – миллат тарбияси" мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Унда мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилари, маҳалла хотин-қизлар фаоли, "Бувижонлар мактаби" раҳбари ҳамда "Оқила аёллар" ҳаракати аъзоси иштирок этди.

Мулоқотда қизларнинг одоб-ахлоқи, миллий қадриятларга ҳурмати, оиладаги тарбия ва маънавиятнинг ўрни хусусида сўз юритилди. Ёшларни билимли, одобли, маънавиятли ва мустақил фикрлайдиган инсонлар этиб тарбиялаш муҳимлиги таъкидланди.

Бундай учрашувлар миллий қадриятларни асраб-авайлаш, ёшлар маънавиятини юксалтириш ва баркамол авлодни вояга етказишга хизмат қилади.
***
Бахмал туманидаги Бахмал маҳалласида тадбиркорликни ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва мавжуд муаммоларга амалий ечим топиш мақсадида очиқ мулоқот ташкил этилди. Унда Республика ишчи гуруҳи аъзоси Эркин Ўралов, туман ҳокимлиги, масъул ташкилотлар раҳбарлари, тижорат банклари вакиллари ҳамда тадбиркорлар иштирок этди.

Мулоқот давомида тадбиркорларнинг кредит, ер ва бино-иншоотлар, инфратузилма, электр энергияси, газ, сув ҳамда кадастр билан боғлиқ мурожаатлари тингланди. Муаммоларни ҳал этиш юзасидан масъулларга тегишли вазифалар белгиланди.

Шунингдек, тадбиркорларга қонунчиликдаги имтиёз ва имкониятлар, солиқ енгилликлари ҳамда ҳуқуқий кафолатлар юзасидан тушунтиришлар берилди. Учрашувда янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларини кенгайтириш ҳамда янги иш ўринларини яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
***
Зомин туман ахборот-кутубхона марказида фондга янги келиб тушган нашрлар асосида "Янги адабиётлар – янги кашфиётлар" номли китоб кўргазмаси ташкил этилди. Унда бадиий асарлар, илмий-оммабоп нашрлар ва турли мавзулардаги адабиётлар китобхонлар эътиборига ҳавола қилинди.

Кўргазманинг асосий мақсади янги китоблар билан танишиш имкониятини кенгайтириш, мутолаага қизиқишни ошириш ва китобхонлик маданиятини ривожлантиришдан иборат. Зеро, ҳар бир китоб янги билимлар эшигини очиб, инсонни теран мушоҳада ва янги кашфиётлар сари етаклайди.

***
Дўстлик туманидаги ихтисослаштирилган мактабда ўқувчиларнинг фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилиш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган тушунтириш тадбири ўтказилди. Унда туман фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи, подполковник Б. Жўраев иштирок этди.

Суҳбат давомида ис газидан заҳарланиш, зилзила, ёнғин ва бошқа хавфли ҳолатларда хавфсизлик қоидаларига амал қилиш, саросимага тушмасдан тўғри қарор қабул қилиш ҳамда зарур вазиятларда тез тиббий ёрдам хизматига мурожаат этиш тартиби тушунтирилди.

Бундай профилактик учрашувлар ўқувчиларнинг фавқулодда ҳолатларга тайёрлигини ошириш, ҳаёт ва саломатликни асрашга оид билимларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири