Хитой – Марказий Осиё савдо кўргазмаси: янги ҳамкорлик ва истиқболлар сари
Тошкентда 2026 йилги Хитой – Марказий Осиё – Ўзбекистон савдо кўргазмасига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ва Хитой оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиб, кўргазманинг мақсад ва вазифалари, икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари ҳақида маълумот берди.
Жорий йилнинг 14-16 октябрь кунлари “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмаси мажмуасида бўлиб ўтадиган мазкур тадбир Хитой Халқаро савдони ривожлантириш кенгаши томонидан ташкил этилмоқда. Ушбу кўргазма 2025 йилда илк бор ўтказилган тадбирнинг давоми бўлиб, Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистон ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш, янги савдо ва инвестиция имкониятларини рўёбга чиқаришга қаратилган.
Матбуот анжуманида таъкидланишича, бундай халқаро майдонлар нафақат маҳсулот ва хизматларни намойиш этиш, балки корхоналар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш, ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаш ва ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга оширишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Бу эса иштирокчиларга замонавий технологиялар билан танишиш, ишлаб чиқариш жараёнларига илғор ечимларни жорий этиш ва янги бозорларга чиқиш имконини беради.
– Кўргазмада Хитойнинг 19 та провинцияси, автоном тумани ва марказга бевосита бўйсунадиган шаҳарларидан келган корхоналар иштирок этади, – дейди Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг Хитой Халқ Республикаси билан ҳамкорликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Азамат Раҳимов. – Ёпиқ экспозиция майдони 4 минг квадрат метрни, очиқ майдон эса 800 квадрат метрни ташкил этади.
Кўргазма доирасида ақлли ишлаб чиқариш, яшил энергетика, истеъмол электроникаси, хизматлар савдоси ва янги энергия манбаларида ҳаракатланувчи транспорт воситаларига бағишланган бешта ихтисослаштирилган экспозиция ташкил этилади. Шунингдек, Хитойнинг технологик ютуқлари, ишбилармонлик муҳити ва анъанавий маданиятини намойиш этишга қаратилган махсус майдонлар ҳам кўзда тутилган.
Матбуот анжуманида икки томонлама ҳамкорликни амалий мазмун билан бойитиш масаласига ҳам эътибор қаратилди. Хусусан, Хитой – Ўзбекистон инвестициявий ҳамкорлик форуми, савдо-иқтисодий музокаралар ва корхоналар ўртасидаги B2B учрашувлари орқали тадбиркорларнинг ўзаро алоқаларини кенгайтириш режалаштирилган. Бундай мулоқотлар муайян маҳсулот ва хизматларга бўлган талабни ўрганиш, ишончли ҳамкорлар топиш ва истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилиш учун замин яратади.
– Кўргазма бешта ихтисослаштирилган бўлимга ажратилган: ақлли ишлаб чиқариш, яшил энергетика, маиший электроника, хизматлар савдоси ва янги энергия манбаларида ишлайдиган транспорт воситалари, – дейди Хитой Халқаро савдони ривожлантириш кенгашининг Қозоғистондаги вакили Лю Юэ. – Уларда Хитойнинг ишлаб чиқаришни ривожлантириш борасидаги сўнгги ютуқлари намойиш этилиб, минтақа мамлакатларининг иқтисодий ривожланиш ва саноатни модернизация қилиш устувор йўналишларига мослаштирилган. Шунингдек, “Хитой имкониятлари” миллий имиж ҳудуди ташкил этилиб, мамлакатнинг ташқи очиқлик сиёсати натижалари ва ҳудудларидаги қулай бизнес муҳити намойиш этилади.
Қайд этиш жоизки, 2026 йил Хитой ва Ўзбекистон ўртасида ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари ўрнатилганига ўн йил тўлиши билан ҳам аҳамиятлидир. Шу нуқтаи назардан, савдо кўргазмаси икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш, тадбиркорлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва янги ташаббусларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
Умуман, Хитой – Марказий Осиё – Ўзбекистон савдо кўргазмаси маҳсулотлар тақдимоти билан чекланиб қолмай, технологиялар алмашинуви, инвестициявий мулоқот ва янги бизнес алоқаларини йўлга қўйишга қаратилган амалий ҳамкорлик майдони сифатида намоён бўлади. Унда эришиладиган келишувлар ва йўлга қўйиладиган алоқалар икки мамлакат тадбиркорлари учун янги истиқболларни очиши мумкин.
<iframe width="1331" height="749" src="https://www.youtube.com/embed/OHztaoLN4JA" title="Xitoy – Markaziy Osiyo savdo ko‘rgazmasi: yangi hamkorlik va istiqbollar sari" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Нилуфар Бозорова, ЎзА