Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Бахмал туманида “Сув текин эмас” шиори остида дала майдонларида такрорий экинларни экиш ва сувдан самарали фойдаланиш масалаларига бағишланган семинар ўтказилди.


Ўзбекистон Фермерлар кенгашининг ҳудудий вакили ва унинг туман тизими ходимлари иштирок этган тадбирда ғалладан бўшаган ерларни сомондан тозалаш, сув кам талаб этадиган экин турлари, экинларни суғоришда сув тежовчи технологияларни қўллаш ҳамда электр энергиясидан оқилона фойдаланиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
***
Форишда туман ҳокими Икром Матиев фуқаролар учун сайёр қабул ўтказди. Унда тумандаги мутасадди корхона, ташкилот, муассасалар раҳбарлари ҳам иштирок этди.

Очиқ мулоқот тарзида кечган сайёр қабулда аҳоли томонидан бандлик, электр энергия таъминотидаги узилишлар, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш учун ёрдам, солиқ тўловидаги хатоликлар ва бошқа шу каби масалалар бўйича мурожаатлар келиб тушди.
Ушбу мурожаатларнинг 40 фоизи қабулда иштирок этган мутасадди ташкилот раҳбарлари томонидан тегишлилиги бўйича шу жойнинг ўзида ҳал этилди. Мурожаатларнинг 15 фоизига мутахассислар томонидан ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Қолган мурожаатлар қўшимча ўрганиш ва муддат талаб этганлиги боис, мутасадди раҳбарларга ижроси юзасидан аниқ топшириқлар берилиб, ушбу мурожаатларнинг ҳал этилиши қатъий назоратга олинди.
***
Арнасой туманининг Ғафур Ғулом маҳалласига бириктирилган масъул ходим иштирокида маҳалла хонадонлари ўрганилди. Ўрганишлар жараёнида нафақат аҳолининг ижтимоий ҳолати ва яшаш шароитлари, балки ҳар бир хонадоннинг томорқа ерларидан унумли фойдаланиш ҳолатлари ҳам кўздан кечирилди.

Томорқалар, улардан самарали фойдаланиш даражаси, экилган экинлар ва бўш турган майдонлар бўйича аҳоли билан индивидуал суҳбатлар ўтказилди. Масъул ходим томонидан зарур тавсиялар берилиб, бўш томорқалардан унумли фойдаланиш бўйича тарғибот ишлари олиб борилди.
Мазкур ишлар аҳоли бандлигини таъминлаш, маҳалланинг иқтисодий фаоллигини ошириш ва томорқачилик орқали даромад манбаларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
***
Шароф Рашидов туманида “Йўл-транспорт ҳодисаси ва ҳуқуқбузарликлардан холи ҳудуд” профилактик рейд тадбири ўтказилди.

Рейд давомида соҳа ходимлари томонидан аҳоли ўртасида тарғиботлар олиб борилди. ИИО пробация гуруҳи назоратидаги шахсларнинг белгиланган чекловларга амал қилишлари ҳам текширилиб, жамоат жойларида спиртли ичимлик истеъмол қилиш, ёнида ўткир тиғли жисмларни олиб юриш каби ҳолатлар бўйича маъмурий баённомалар расмийлаштирилди. Бемақсад юрган кишилар шахсига аниқлик киритилди.

Шунингдек, вилоят ИИБ масъуллари томонидан “Қанғли” ва “Пастки сўлоқли” МФЙ профилактика инспекторлари юритувидаги ҳужжатлар кўздан кечирилиб, уларга зарур амалий ёрдам кўрсатилди. Шу куни вилоят ЙҲХБ инспекторлари ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш бўйича рейдлар олиб боришди.
***
Жиззах вилояти ИИБ Патрул-пост хизмати батальони ҳамда вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида жойларда назорат ва профилактик тадбирлар ташкил этилмоқда.

Дўстлик туманида ўтган тадбирда табиий ҳудудлар режимига риоя этилиши, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш, белгиланмаган жойларга чиқинди ташлаш ва тўпланган чиқиндиларнинг ўз вақтида олиб чиқилишига эътибор қаратилди.

Экорейд давомида белгиланмаган жойларга чиқинди ташлаш ва сомон пояларини ёқиб юбориш каби 9 та ҳуқуқбузарликлар юзасидан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.
А.Қаюмов,
ЎзА мухбири