Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Бутун мамлакатимизда бўлгани каби Жиззах вилоятида ҳам Ҳайит арафасида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлганларининг оилаларига доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш анъана тусини олган.
Президентимизнинг 2023 йил 13 мартдаги “Ватан ҳимояси ва эл-юртимиз тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимлар оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг ижросини таъминлаш мақсадида Жиззах вилоят божхона бошқармаси ходимлари хизмат вазифасини бажараиш чоғида ҳалок бўлган Илҳом Собировнинг хонадонида бўлиб, марҳумнинг оила аъзолари ҳолидан хабар олди.
Божхоначилар марҳум ҳамкасблари оила аъзолари билан дилдан суҳбатлашиб, уларга маънавий ва моддий кўмак кўрсатишди. Илҳом Собировнинг давлатимизга ва халқимизга садоқат билан хизмат қилгани таъкидланиб, унинг фидойилиги ёдга олинди.
***
Янгиобод туманида “Маҳалла тизими ходимлари куни” муносабати билан ташкил этилган тадбирда маҳалла тизимида фаолият юритиб келаётган “маҳалла еттилиги” ҳамда маҳалла фахрийлари иштирок этди.
Тадбирда сўз олганлар барча фаолларни қўшалоқ байрам билан табриклаб, маҳаллалар равнақи ва фаровонлиги йўлида олиб бораётган келгуси фаолиятларида омад ва куч-ғайрат тилади. Шундан сўнг фаолларга туман ҳокимининг фахрий ёрлиқ ва байрам совғалари топширилди.
Байрам тадбири доирасида маҳалла тизими вакиллари учун ифторлик дастурхони ёзилди.
***
Шароф Рашидов туман Бувижонлар мактаби “Меҳр карвони” ижтимоий кўмак гуруҳи аъзолари Рамазон ҳайити муносабати билан туманнинг чекка ҳудудидаги “Қулписар” МФЙда истиқомат қилувчи 95 ёшли Буамбар момо Очилова хонадонида бўлиб, онахоннинг ҳолидан хабар олишди, қутлуғ айём билан муборакбод этишиб, совға-саломлар беришди.
Шунингдек, тумандаги нуронийлар, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ва ётиб қолган бемор кексаларнинг ҳам хонадонларига бориб, уларнинг ҳам ҳолидан хабар олинди, озиқ-овқат, кийим-кечаклар тарқатилди.
Бундан ташқари, туман “Бувижонлар мактаби” аъзолари маҳаллада олиб борилаётган ободончилик, кўчат экиш, томорқадан фойдаланиш, хонадонларнинг тозалиги ва озодалигини ҳам кўздан кечириб, бу борада ўз тавсия ва маслаҳатларини берди.
***
Жиззах шаҳридаги 22-ихтисослаштирилган ҳамда “Темурий издошлари” мактабларида Жиззах вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясидан келган масъул ходим иштирокида мактаб битирувчи синфлари ўқувчилари билан очиқ мулоқот ташкил этилди.
Тадбир давомида, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси ҳамда “Темурбеклар мактаби”да ёшларга яратилган имкониятлар ва шароитлар ҳақида атрофлича маълумот берилиб, ушбу таълим муассасаларидаги шарт-шароитлар ҳақида махсус видеоролик намойиш этилди.
Ушбу учрашув ёшлар учун янги имкониятлар яратиш, уларни фавқулодда вазиятлар соҳасига қизиқтириш ва касб танлашида муҳим аҳамият касб этади.
***
Жиззах вилоятида тадбиркорлик субъектларининг самарали фаолият юритишини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Зафар Азимов ҳамда Савдо-саноат палатаси вилоят бошқармаси бошлиғи Бобур Умурзоқов ҳудудларда бўлиб, тадбиркорларнинг бўш турган бинолари ва ишлаб чиқариш қувватларининг ҳолатини ўрганмоқда.
Ўрганишлар жараёнида кам қувватда ишлаётган корхоналар ва тадбиркорлик субъектларининг муаммолари билан қизиқилди. Уларнинг фаолиятини янада ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
Мазкур тадбирлар натижасида тадбиркорлик муҳитини яхшилаш, ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш ва мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш кўзда тутилган. Келгусида ҳам бундай ўрганиш ишлари давом эттирилиб, тадбиркорлик субектларига амалий ёрдам кўрсатилиши режалаштирилган.
[gallery-22462]
А.Қаюмов, ЎзА