Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Жиззах вилояти ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимлари томонидан “Зомин” туристик-рекреацион зонасига келаётган сайёҳларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳудудда фаолият юритаётган меҳмонхона ва туристик фирмалар масъул шахслари ҳамда гид-таржимонлар билан профилактик суҳбатлар ўтказилди.
Унда ходимларга Ўзбекистон Республикасининг “Туризм тўғрисида”ги қонунига мувофиқ фаолият юритиш, қонунчиликка зид хатти-ҳаракатларни амалга оширмаслик, сайёҳлар тўғрисидаги маълумотларни “Е-mеhmon” электрон тизимида рўйхатга олиш тушунтирилди.


Шунингдек, хорижий давлатлар фуқароларини юртимизга турист сифатида олиб келиб, уларнинг республика ҳудудида бўлишини назорат қилмай, қаровсиз қолдирмаслик юзасидан профилактик тушунтиришлар берилди.
***
Ғаллаорол туман “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази психологлар гуруҳи мутахассислари томонидан “Маҳаллада комплекс ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходимларда касбий куйишнинг олдини олиш ва иш самарадорлигини ошириш” лойиҳаси асосида тренинг машғулотлари ўтказилди.


Тренинг ижтимоий ходимларда шахслар билан мулоқот кўникмаларини ривожлантириш, иш жараёнида стресс ҳолатини тушириш, кайфиятни яхшилаш, меҳнат самарадорлигини оширишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
***
Янгиобод тумани ҳокими Иброҳим Қаршибоев тадбиркорлик қилиш истагида бўлган бир гуруҳ ёшлар билан учрашди.

Тадбирда Президентимизнинг ёшлар учун имкониятларни янада кенгайтириш чора-тадбирлари муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор тарзидаги йиғилишда белгиланган вазифалар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Мулоқот давомида ёшларнинг режа ва ташаббуслари тингланди. Туман ҳокими ёшлар томонидан билдирилган таклифларни маъқуллади ва ҳар доим қўллаб-қувватлашга тайёр эканини таъкидлади.
***
Бахмал тумани адлия бўлими томонидан маҳаллалар еттилиги учун онлайн семинар ташкил этилди.

Тадбирда жиноятларнинг олдини олишда профилактик ишларнинг ўрни, қонун ва қоидаларга амал қилмаслик учун жавобгарлик муқаррарлиги, фирибгарлик, алдов ва товламачилик жиноятларининг аҳоли орасида кўпайиб бориши айнан ҳуқуқий саводхонликнинг етишмаслигидан келиб чиқаётганлиги таъкидланди.

Шунингдек, уларнинг меҳнат фаолиятида керак бўладиган барча маълумотлар тўлиқ етказилиб, келажакдаги режалар белгилаб олинди. Очиқ мулоқот тарзида ўтказилган тадбирда иштирокчиларнинг барча саволларига атрофлича жавоб берилди.
***
Мирзачўл тумани мактабгача ва мактаб таълимига қарашли умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг ота-оналари иштирокида йиғилиш ўтказилди.Унда вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, дарс машғулотларига мунтазам равишда келмаётган ўқувчилар билан ишлаш, уларнинг ота-оналарига тушунтиришлар бериш, эрта турмуш қуришнинг салбий оқибатлари каби долзарб масалалар атрофлича муҳокама қилинди.


Табдир сўнгида юқорида кўтарилган масалалар бўйича мактаб маъмурияти ҳамда ўқувчиларнинг ота-оналари билан мавжуд муаммо ва камчиликларни ҳамжиҳатликда бартараф этишга келишиб олинди.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА