Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Янги йил арафасида Жиззах вилоятининг Ғаллаорол, Мирзачўл, Дўстлик ва Арнасой туманларида ФВБ томонидан АЁҚШ ва АГТКШларнинг техника ва ёнғин хавфсизлиги ҳолати ўрганилди.
Тадбирлар доирасида ёнғин хавфсизлигига оид талабларнинг бажарилиши, шохобчаларнинг ёнғин техникаси ва воситалари билан таъминланганлиги, ишчи- ходимларнинг билим ва кўникмалари таҳлил қилиниб, ёнғин хавфининг олдини олиш учун объектларнинг жойлашуви, технологик жараёнлар ва хавфсизлик чоралари бўйича кўрсатмалар берилди.
Масъуллар томонидан объектларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
***
Янгиобод туман тиббиёт бирлашмаси томонидан ташкил этилган тиббий кўрикда малакали шифокорлар томонидан 200 нафардан ортиқ аҳоли бепул тиббий кўрикдан ўтказилиб, соғлигида муаммоси бор фуқароларнинг махсус даволаш муассасаларида даволаниши учун йўлланмалар берилди.
Тиббий кўрикка келган аҳоли хирург, кардиолог, инфекционист, уролог, акушер-гинеколог, лор, терапевт, эндокринолог каби 10 дан ортиқ мутахассислардан маслаҳатлар ҳам олди.
Тиббий кўрик билан бирга, уларга ҳозирги вақтда кенг тарқалган диабет ва юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш, профилактика қилиш ва даволаш усуллари, соғлом турмуш тарзи ва фаол жисмоний ҳаракатнинг инсон саломатлигига ҳиссаси тўғрисида ҳам тушунчалар берилди.
***
Президентимизнинг 2023 йил 21 декабрдаги “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мамлакатимизда маҳалла институтининг нуфузини янада оширишда муҳим пойдевор вазифасини ўтамоқда.
Бугун Мирзачўл туман ҳокимлигида 2024 йилда амалга оширилган ишлар ҳамда “Маҳалла еттилиги” фаолиятини самарали ташкил этишда учраётган муаммолар ва камчиликлар, кириб келаётган 2025 йилдаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Йиғилишда “Маҳалла еттилиги” фаолиятига масъул бўлим бошлиқлари ҳамда тумандаги маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари иштирок этиб, мутасаддилар зиммасига тегишли вазифалар юклатилди.
***
Зарбдор туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Ш.Розиев бошчилигида бўлим масъуллари ҳамда тумандаги 32 та умумтаълим мактаби директорлари иштирокида 2024 йилда таълим тизимида амалга оширилган ишлар сарҳисоби ва келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда маънавий-маърифий ишлар, битирувчиларнинг олий таълимга кириш кўрсаткичлари, фан олимпиада натижалари, “e-maktab” платформасининг мактаблар бўйича ҳолати, мактаб ўқувчилари ўртасида нохуш ҳолатларнинг олдини олиш, мурожаатлар таҳлили, педагог ходимлар аттетацияси, дарсликлар ҳолати, мактабларда қиш мавсумига тайёргарлик ва бошқа масалалар атрофлича таҳлил қилинди.
Йиғилиш якунида янги 2025 йил туманда таълим соҳасини янги сифат босқичига кўтариш, ёш авлодга таълим- тарбия беришда муносиб шарт-шароитлар яратиш мақсадида муҳим вазифалар белгилаб олинди.
***
Фориш туман ҳокимлиги, прокуратураси, ички ишлар бўлими пробация гуруҳи ҳамда туман камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими ҳамкорлигида тумандаги ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларни касбга йўналтириш мақсадида туманнинг Осмонсой маҳалласида “Бўш иш ўринлари” меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.
Унда тумандаги 11 та корхона, ташкилот, муассаса, кичик бизнес субъектлари ўзларида мавжуд бўлган 34 та бўш иш ўрни билан иштирок этди.
“Бўш иш ўринлари” меҳнат ярмаркасида бир қанча фуқаролар ўз мутахассисликлари бўйича ишга жойлашишган бўлса, қолган фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш бўйича йўлланмалар берилди.
[gallery-21064]
А.Қаюмов, ЎзА мухбири