Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Ғаллаорол туманида совуқли кунлар тобора авжига чиқиб бораётган қиш мавсумини беталафот ўтказиш, энергетика тизимининг барқарор ишлашини таъминлаш, аҳоли, ташкилот ва муассасалар ҳамда иқтисодиёт тармоқларида сифатли электр энергиясини узлуксиз етказиб беришда содир бўлиши мумкин бўлган талофатли ўчишларнинг олдини олиш бўйича ишчи гуруҳлар томонидан ўрганиш ишлари давом этмоқда.
Жумладан, ишчи гуруҳи томонидан тумандаги ижтимоий соҳа объектлари, кўп қаватли уйлар ҳамда аҳоли хонадонларида қиш мавсумида ўрганишлар олиб борилиб, аниқланган камчилик ва муаммолар мутахассислар томонидан жойида бартараф этилмоқда.


***
Шароф Рашидов туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимида умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг навбатдаги ота-оналар йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда ўқувчиларнинг давомати, уяли алоқа воситаларидан тўғри фойдаланиши, ёшларнинг турли ёт ғояларга кириб қолишининг олдини олиш, гиёҳвандликка қарши курашиш, пиротехника воситаларидан фойдаланмаслик, янги йил тадбирларини фақат оила даврасида ўтказиш тўғрисида тушунчалар берилди.
Учрашув якунида ота-оналар ҳам мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.


***
Жиззах давлат педагогика университети Жиззах шаҳар ИИБ тергов бўлими билан ҳамкорликда “Талабалар орасида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш: муаммо ва ечимлар” мавзусида давра суҳбати ташкил этди..
Талабалар ўртасида ҳуқуқий маданиятни ошириш, уларга ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириш орқали ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашиш ва жамиятда қонунийлик тамойилларини мустаҳкамлаш ушбу давра суҳбатининг бош мақсадига айланди.

***
Зомин туманига ташкил этилган инфо-тур давомида иштирокчилар Зомин “Миллий табиат боғи”да жойлашган “NKMK” соғломлаштириш масканида бўлди.
Тадбир давомида иштирокчиларга беморларнинг сифатли даволанишлари учун яратилган шароитлар, нафас олиш йўллари, асаб тизими, аллергия, бронхиал астма каби касалликларнинг даволанаётгани тўғрисида маълумотлар берилди.
Зомин туманида жойлашган “Azim Zomin Shifo” ва “Zomin NKMK” соғломлаштириш масканларига Қозоғистон, Тожикистон, Қирғиз Республикалари, БАА, Германия, Покистон каби давлатлардан ҳам меҳмонлар ташриф буюриб, даволанаётгани таъкидланди.


***
Дўстлик туманидаги барча мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларига МТТларда миллий мултфильмлар томошаси ташкил этилмоқда.
Жумладан, “Бек ва Лола”, “Онажоним”, “Нажотга олиб борувчи китоб” ва “Зумрад ва Қиммат” мултфильмлари шулар жумласидандир.



Шунингдек, Дўстлик тумани ўқувчи ўсмир ва ёшларига эса ўзбек миллий киноларини тамоша қилиш йўлга қўйилган. Жумладан, ёшлар учун намойиш этилаётган “Жоним дадам”, “Ватан остонасида”, “10 та факт” ва “Кўрнамак” каби миллий кинолар уларда чуқур таассурот қолдирганини таъкидлашди.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири