Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Жиззах вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси масъул ходимлари тез тиббий ёрдам, газ ва электр таъминоти корхоналари ходимлари билан биргаликда “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги” доирасида Шароф Рашидов тумани ҳудудида тунги махсус тактик ўқув машқи ўтказди.
Бунда ҳамкорликдаги куч тузилмаларининг тунги вақтда ҳаракат қилиши, ўзаро ҳамкорлик ва содир бўлган газ ва электр таъминотидаги аварияларни бартараф этиши бўйича ҳаракатлари синовда ўтказилди.
***
Фориш тумани ҳокимлигида тадбиркорлар фаолиятини янада такомиллаштириш вазифалари бўйича тадбиркорлар билан учрашув бўлиб ўтди.
Президент Администрацияси масъул ходими Жамшид Ҳасанов, Жиззах вилоят ҳокимининг молия- иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Абдивали Мустанов, Бизнес-омбудсманнинг вилоятдаги вакили Сардор Усмонов ва бошқалар қатнашган учрашувда соҳадаги мавжуд муаммолар кўриб чиқилди ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлар билдирилди. Мутасаддиларга аниқ вазифалар юклатилиб, ижроси назоратга олинди.
***
Жиззах гарнизонидаги “Н” ҳарбий қисми хизматчилари давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32 йиллигига бағишлаб, туман умумтаълим мактаблари ўқувчи- ёшлари ўртасида “Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони кубоги” учун “Юрт посбонлари” ҳарбий-спорт мусобақасини уюштирди.
Мусобақада ўқувчи- ёшлар моҳир мерган, ҳарбийлаштирилган эстафета, жабрланувчига биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, саҳналаштирилган бадиий чиқиш ва “Жадидлар билимдони” шартлари бўйича ўзаро баҳслашди.
Қизғин баҳс-мунозарага бой тарзда ўтказилган мусобақада муносиб иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритган жамоалар тақдирланди.
***
Зомин туманида БМТ Бош Ассамблеяси томонидан эълон қилинган “Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш халқаро куни” ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни ижросини таъминлаш мақсадида “Зўравонликка қарши 16 кун” лойиҳаси бўлиб ўтмоқда.
Жумладан, Зомин тумани “Шароф Рашидов” МФЙ ҳудудида “Биз зўравонликка қаршимиз” 16 кун акцияси доирасида Зомин тумани ИИБ катта инспектори, лейтенант Умида Ҳошимова томонидан тарғибот тадбирлари ўтказилди.
Тадбирда тазйиқ ва зўравонлик тушунчаси, турлари тушунтирилиб, зўравонликнинг олдини олишга қаратилган видеороликлар намойиш қилинди ва тарқатма материаллар тарқатилди.
***
“Яшил макон” умуммилий лойиҳаси доирасида Шароф Рашидов туманининг “Куёвбоши” МФЙда ички ишлар органлари ходимлари учун барпо этилган тураржой мажмуаси ҳудудидаги боғда ҳашар уюштирилди. Мазкур жараёнда 260 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди. Натижада ҳудудда парваришланаётган дарахтлар сони 530 тупга етди.
Ҳашар давомида дарахтларга шакл бериш, ариқ очиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Экиш жараёни билан Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров танишди.
[gallery-20748]
Маълумот ўрнида: соҳа вакиллари жорий кузги кўчат экиш мавсумида 5 минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчатларини ўтқазишни мўлжаллаган эди. Мазкур режа 8 минг туп қилиб бажарилди.
A.Қаюмов, ЎзА мухбири