Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Президентимизнинг 2024 йил 18 июлдаги “Ўзбекистон Республикасида туризм инфратузилмасини яхшилаш ва хорижий туристлар оқимини янада оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида Жиззах вилояти делегацияси Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида бўлиб қайтди.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари Сардор Шукуруллаев делегация раҳбари сифатида ушбу хизмат сафари давомида Буюк Британия давлатидан хорижий сайёҳларни Жиззахга жалб этиш мақсадида “Transindus Limitеd” тур компанияси бошқарувчи директори Амрит Сингх хоним билан “B2B” тарзидаги учрашувда иштирок этди.
Шунингдек, 500 миллион кишилик халқаро аудиторияга эга “BBC Global Nеws” Евроосиёдаги тижорат ваколатхонаси раҳбари, “Dars Films” компаниясининг ижрочи продюсери Сергей Становкин билан С.Шукуруллаевнинг олиб борган музокаралари давомида Жиззах вилоятини дунё ҳамжамиятига кенг танитиш, тарғиб қилиш ва туристлар оқимини оширишга хизмат қилиши кутилаётган “Минтақада қуёш чиқиши” лойиҳаси муҳокама қилинди.
***
Жиззах шаҳрининг “Заргарлик” МФЙ ҳудудида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар билан қонунбузарликларнинг олдини олишга қаратилган тарғибот тадбири ўтказилди.
“Хавфсиз ҳудуд – долзарб 50 кун” махсус профилактик тадбири доирасида уюштирилган ушбу тадбирда вилоят ҳамда Жиззах шаҳар ИИО мутасаддилари савдо дўконларида юз бераётган ўғирликлар, уларнинг содир этилишига сабаб бўлаётган омиллар тилга олиниб, дўконларни кузатув камералари билан жиҳозлаш, эшик ва деразаларга панжара қўйиш лозимлиги тушунтирилди.
Бундан ташқари, Миллий гвардия вилоят бошқармаси қўриқлаш бўлими техник қўриқлаш маркази масъуллари томонидан кўрсатиладиган хизматлар ҳақида ҳам маълумотлар берилди.
***
Жиззах шаҳридаги “Ўрда” экологик боғида “Психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш” ойлиги ҳамда 1 декабрь – Бутунжаҳон ОИТСга қарши курашиш куни муносабати билан аҳоли ва ёшлар ўртасида гиёҳвандликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш ҳамда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш мақсадида “5000 қадам пиёда!” шиори остида югуриш марафони ўтказилди.
Унда Жиззах шаҳридаги идора, ташкилот ва муассасалар ходимлари, олий, ўрта махсус ўқув юртлари ўқувчи, талаба ва ёшлари фаол иштирок этганини таъкидлаб ўтиш жоиз.
2 мингдан ортиқ аҳоли ва ёшлар Жиззах шаҳрида бўлиб ўтган ушбу тадбирда қатнашди.
***
Жиззах вилояти прокуратураси органлари томонидан эҳтиёжманд ва боқувчисини йўқотган оилаларни қўллаб-қувватлаш борасидаги амалий ишлар давом эттирилмоқда.
Жумладан, Зомин тумани прокуратураси ташаббуси билан тумандаги шу тоифа оилаларда тарбияланаётган вояга етмаган 50 нафар ўғил болага ҳомийлик асосида суннат тўйи тадбири ўтказилиб, жажжи болажонларга совға-саломлар улашилди.
Ўтказилган тадбир давомида хушовоз хонандалар ижросидаги шўх куй-қўшиқлар барча болажонлар ҳамда йиғилганларга хуш кайфият улашди.
***
Жаҳон банкининг Япония Ижтимоий тараққиёт жамғармаси гранти ва Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар давлат қўмитаси билан ҳамкорликда молиялаштирилган, қишлоқ аёлларининг бизнес кўникмалари ва иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга қаратилган “Қишлоқ аёлларининг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш” лойиҳаси муваффақиятли амалга ошириб келинмоқда.
Жумладан, Зомин туманида “Ишбилармон аёллар”, “Ширин”, “Бегойим” лойиҳалари доирасида ажратилган маблағларнинг самарали йўналтирилгани ўрганилиб, хорижлик экпертлар уларнинг ишига юқори баҳо бердилар.
[gallery-20636]
А.Қаюмов, ЎзА мухбири