Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Жиззах ва Фарғона вилоятлари фавқулодда вазиятлар бошқармалари ходимлари томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда амалий тактик машқлар ўтказилди.
[gallery-20315]
Унда зилзила ва бошқа фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилиш, ёнғин ва фавқулодда вазиятларнинг оқибатларини бартараф этиш, жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, уларни хавфсиз жойга эвакуация қилиш, шунингдек, ўт ўчиргичдан фойдаланиш тартиби тушунтирилиб, уларнинг билим ва кўникмалари мустаҳкамланди.
***
Фориш тумани прокурори Икром Нарзиев тумандаги 25 та маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият юритаётган ёшлар етакчилари билан онлайн мулоқот ўтказди.
Мулоқотда ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, маҳаллаларда яшовчи ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, турли спорт мусобақалари, маънавий-маърифий тадбирлар, ёшларнинг билим савиясини ва дунёқарашини юксалтирувчи турли интелектуал ўйинлар ўтказиб бориш, вақтинча иш билан банд бўлмаган ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка йўналтириш каби масалаларда фикр алмашилди.
Мулоқот давомида ёшлар етакчилари фаолиятини янада жонлантириш, ёшларга эътиборни кучайтириш юзасидан тавсиялар берилди.
***
Зулфия номидаги Давлат мукофоти учун иқтидорли қизлар ўртасида “Зулфияхоним издошлари” кўрик-танловнинг Жиззах шаҳар босқичи бўлиб ўтди.
Унда Жиззах шаҳар оила ва хотин-қизлар бўлими, шаҳар маънавият ва маърифат маркази, “Бувижонлар мактаби”, спорт мактаби, маданият бўлими масъуллари ҳамда Жиззах давлат педагогика университетининг профессор- ўқитувчилари иштирок этди.
Кўрик-танловда 32 нафар иштирокчининг иқтидори синовдан ўтди. Ҳакамлар ҳайъатининг хулосасига кўра, иқтидорли ёшлардан таълим, фан, адабиёт, маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари йўналишлари бўйича 13 нафар иштирокчи вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритди.
***
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Мирзачўл туманидаги “Мустақиллик”, “Ержар”, “Дўстлик”, “Ғалаба” , “Боғбон”, “Мирзадала”, “Ипак йўли”, “Тошкент” маҳалла фуқаролар йиғинларига 2500 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари етказиб берилди.
Ушбу кўчатлар маҳаллалардаги кам таъминланган оилалар, якка- ёлғиз кексалар хонадонларига тарқатилди. Бундан ташқари, томчилаиб суғориш тизими йўлга қўйилиб, маҳаллалар биноларининг олдига ҳам мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди.
***
Янгиобод тумани умумтаълим мактабларида “Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш ойлиги” доирасида давра суҳбатлари ташкил этилмоқда.
Унда Миллий гвардия Жиззах вилояти бошқармаси болалар билан ишлаш бўлими Янгиобод тумани бўйича инспектор-психологлари, маҳалла еттилиги аъзолари, туман ички ишлар ҳамда мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари вакиллари иштирок этиб, тадбирларда ўқувчиларга жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларини содир этмаслик, уларнинг барвақт олдини олиш тўғрисида тушунчалар беришди.
А.Қаюмов,
ЎзА мухбири