Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Ғаллаорол туманидаги “Лалмикор” маҳалла фуқаролар йиғинида “Кексалар ҳафталиги” доирасида бўлиб ўтган “Уч авлод учрашуви” маънавий-маърифий тадбирида шу ҳудудда истиқомат қилаётган фахрий нуронийлар, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ёшлар иштирок этди.
Инсон қадри улуғланаётган юртда бундай учрашувлар ёшларни тафаккур қилишга, юрт истиқболи учун масъулиятли бўлишга ундайди. Мулоқот давомида ўтган кунларни хотирлаш, бугунги ўзгаришларга шукрона айтиш келажак сари катта мақсадлар белгилаб олишга хизмат қилади.
Тадбир сўнггида нуроний отахон ва онахонлар бир пиёла чойга таклиф қилиниб, маданият ходимлари томонидан концерт дастури намойиш қилинди.

***
Зарбдор тумани ҳокими Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси ва “Нуроний” жамғармаси туман бўлимлари раҳбарлари ҳамроҳлигида туманда Президентимизнинг “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури ҳамда “Камбағалликни қисқартириш ва бандлик соҳасида давлат сиёсатини такомиллаштириш ва самарадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг ижроси юзасидан олиб борилаётган ишларнинг аҳволини ўрганди.

Ушбу ўрганишлар жараёнида айрим эҳтиёжманд хонадонларга кирилиб, фуқаролар билан суҳбатлар ўтказилди, уларнинг шароити билан яқиндан танишилди, мурожаатлари тингланди.
Шунингдек, оғир аҳволдаги оилаларни камбағалликдан чиқариш, уларнинг хоҳиш ва имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, доимий бандлигини таъминлаш, даромадини оширишга кўмак кўрсатиш ва ҳар бир оила билан манзилли ишлашда қонунийликни таъминлаш юзасидан масъулларга кўрсатма ва топшириқлар берилди.

***
Фориш туманида 2024- 2025 йиллар қиш мавсумига тайёргарлик кўриш, уни беталафот ўтказиш, энергетика ҳамда газ тизимларининг барқарор ишлашини таъминлаш, аҳоли, ташкилот ва муассасалар ҳамда иқтисодиёт тармоқларида электр энергияси ва газ ресурсларини етказиб беришда содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича ишчи гуруҳлар томонидан ўрганиш ва тарғибот ишлари давом этмоқда.
Хусусан, ишчи гуруҳлари томонидан “Хонбанди” МФЙ ҳудудидаги ижтимоий соҳа объектлари, кўп қаватли уйлар ҳамда аҳоли хонадонларида ўтказилган ўрганишлар жараёнида аниқланган камчилик ва муаммолар гуруҳ аъзолари кўрсатмаси асосида мутахассислар томонидан зудлик билан бартараф этилмоқда.

***
Жиззах вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи Б.Ташпўлатов Ғаллаорол туманида 15 нафар ўзини -ўзи банд қилмоқчи бўлган фуқаро билан ўтказган учрашуви чоғида ўзини -ўзи банд қилиш мақоми нимани англатишини, уни қандай олиш мумкинлигини ва бу мақом қандай фойда беришини атрофлича тушунтириб берди.

Ўзини -ўзи банд қилганлар аввало солиқ текширувлари, жарималар ва ноқонуний тадбиркорлик фаолияти бўйича айбловлардан қўрқмаслиги, уларнинг иш стажи давом этавериши ва буларнинг самарасида кексаликда кафолатланган пенсия нақд деб ҳисоблаш мумкинлиги алоҳида таъкидланди.
Истеъмол кредитлари, имтиёзли қарзлар олиш, шунингдек, солиқ имтиёзларини қўллаш мумкин. Даромад солиғи ёки бошқа йиғимлар йўқ. Бир йилда БҲМнинг 1 баравари миқдорида ижтимоий солиқ тўлаш кифоя эканлиги айтиб ўтилди.
***
Зомин туман мактабгача ва мактаб таълим бўлими томонидан бўлим тасарруфидаги барча давлат мактабгача таълим ташкилоти методистлари иштирокида ўқув амалий-семинар ташкил этилди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан берилган дидактик қўлланмалардан таълим-тарбия жараёнида самарали фойдаланиш юзасидан “Интерфаол методлар” мавзусида ташкил этилган семинарда педагогларга мавзу юзасидан батафсил маълумотлар берилди.
Бундай ўқув амалий-семенарларини ташкил этишдан кўзланган мақсад дидактик қўлланмалардан фойдаланиш тартиби бўйича назарий ҳамда амалий билимлар олишдир.

А.Қаюмов, ЎзА мухбири