Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Жиззах политехника институти қошидаги академик лицейда Фавқулодда вазиятлар, Ёшлар ишлари агентлиги Жиззах вилоят бошқармалари ҳамкорлигида волонтёр гуруҳларининг аъзолари билан ўқув-семинар ташкил этилди.
Волонтёрларга ўқув дастури бўйича белгиланган мавзулар юзасидан фавқулодда вазиятларда жабрланганларга ёрдам кўрсатиш, одамлар ҳаётини асраб қолиш, биринчи ёрдам кўрсатиш ва зилзила билан боғлиқ вазиятларни бартараф этиш бўйича амалий ҳамда назарий билимлар берилди.
[gallery-19515]
Шунингдек, қутқарувчилар томонидан инсонларни қутқаришда амалга оширилиши лозим бўлган ҳаракатлар кўргазмали тарзда намойиш этиб берилди.
***
“Гендер тенглик фаоли” миллий танловининг Зафаробод туман босқичи бўлиб ўтди.
Ушбу танловни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ҳар бир ташкилотда гендер тенгликни таъминлаш, ташкилотлар фаолиятига гендер ёндашувларни жорий этиш, бу масалаларга жамоатчилик эътиборини жалб этиш, гендер тенгликни таъминлаш соҳасида ташкилотларнинг илғор тажрибасини аниқлаш, умумлаштириш ва тарғиб қилиш, хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашдир.
Танловда бир қанча ташкилот ва корхоналардан хотин-қизлар қатнашиб, туман босқичида фаол иштирок этганликлари учун туман ҳокимлигининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
***
Жиззах вилояти ИИБ ЖХХ ЖТСБ ППХБ ҳамда вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида Ғаллаорол туманида табиий ҳудудлар режимига риоя этилиши, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш, белгиланмаган жойларга чиқинди ташлаш ва тўпланган чиқиндиларнинг ўз вақтида олиб чиқилишига қаратилган назорат тадбири ўтказилди.
Экорейд давомида белгиланмаган жойларга чиқинди ташлаш ва хазонларни ёқиб юборишга оид ҳуқуқбузарлик юзасидан фуқароларга тушунтиришлар берилди. Рейд давомида ҳуқуқбузарлик содир этган 5 нафар шахсга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.
***
Президентимизнинг жорий йил 23 сентябрдаги “Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида Фориш тумани ҳокимлиги мажлислар залида Жиззах вилоят ҳокимининг молия, иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Абдивали Мустанов, Жиззах вилоят прокурорининг ўринбосари Алишер Мирзаевлар иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда мазкур жараёнда камбағал оилаларнинг мавжуд муаммоларига эътибор қаратиш, уларни камбағалликдан чиқариш, иштиёқи бор шахслар ўзини- ўзи банд қилиши ва тадбиркорлигини йўлга қўйишга, касб-ҳунарга ўқитиш, бўш иш ўринлари топиб ишга жойлаштириш, тадбиркорлик қилиш истагида бўлган фуқароларга банклардан кредит олишда кўмаклашиш юзасидан масъулларга топшириқ ва йўл-йўриқлар берилди.
***
Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш вазири маслаҳатчиси Қудратулла Одинаев Дўстлик туманида 2024-2025 йиллар куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш бўйича ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида ташкил қилинган штаблар фаолияти билан яқиндан танишди.
Бир қатор ижтимоий объектларда бўлиб, мавсумга тайёргарлик борасида амалга оширилаётган ишлар билан қизиқди.Штаб аъзоларига мавсум олдидан аҳоли муаммоларини ўрганиш, уларни бартараф этиш бўйича ўз таклифларини берди.
***
Кадастр агентлиги Жиззах шаҳар бўлими ҳамда Жиззах шаҳар прокуратураси томонидан ер майдонларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида ер назорати тадбирлари ўтказилмоқда.
Ана шундай тадбирлар чоғида Жиззах шаҳар “Шодлик” МФЙ ҳудудида фуқаролар томонидан ер майдонлари ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб, унда ноқонуний қурилишлар қилингани аниқланди.
Ҳолат юзасидан фуқароларга нисбатан шаҳар бўлими инспекторлари томонидан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг тегишли моддалари билан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.
А.Қаюмов,
ЎзА мухбири