Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Жиззах вилояти прокуратура органлари томонидан ёқилғи-энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш устидан давлат назоратини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш ишлари жадаллик билан давом эттирилиб, кунлик назорат тадбирлари олиб борилмоқда.
Жумладан, Бахмал, Пахтакор, Мирзачўл, Дўстлик, Зафаробод ва Шароф Рашидов туманлари прокурорлари томонидан соҳа мутахассислари ҳамда туманлар штаб аъзолари биргаликда аҳоли хонадонларига қуёш панеллари ўрнатишнинг афзалликлари, энерготежовчи ускуналарни ўрнатишнинг самарадорлиги масалалари хусусида фикр алмашилиб, масъулларга кунлик йўриқномалар берилди.


***
Фориш тумани ҳокимининг молия, иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Шавкат Узоқов ҳамда тумандаги бошқа мутасадди ташкилотлар раҳбар ва масъуллари маҳаллаларда ижтимоий ҳимоя реестрига кирган оилалар билан “хонадонбай” тизим шаклида суҳбатлар ўтказиб, уларнинг муаммоларини ўрганмоқда.

Ўрганиш давомида аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадини ошириш, касб-ҳунарга йўналтириш, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгиланиб, зарур маслаҳатлар берилмоқда.
Бу каби ишлар тумандаги барча 25 та МФЙда амалга оширилиши белгиланган.
***
Республикамиздаги ҳар бир “маҳалла еттилиги” аъзолари – маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспектори томонидан амалга оширилган ишлар бўйича ҳар чорак якунига кўра фуқароларга ҳисобот бериб бориш тартиби жорий этилган.

Ана шу тартибига кўра, Зомин туманидаги Беруний ва Улуғбек маҳаллалари “маҳалла еттиллиги” аъзоларининг туман ҳокими Алишер Абдуғаниев, Президентнинг Зомин туман Халқ қабулхонаси мудири ва бошқа мутасадди раҳбарлар иштирокида Даштобод шаҳарчаси фуқаролари олдида ҳисоботлари тингланди.

Унда еттиликнинг ҳар бир аъзоси ўз фаолиятининг барча йўналишлари бўйича батафсил ҳисоб берди. Учрашувда аҳоли томонидан хотин-қизлар фаоллигини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий билими ва малакасини ошириш юзасидан ҳам фикрлар билдирилди.
***
Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи Шароф Рашидов туманининг Куёвбоши маҳалласида соҳа ходимлари учун барпо этилаётган тураржойлар қурилиши билан яқиндан танишди.

Жараёнда масъуллар ва қурувчиларга бунёдкорлик ишларини сифатли амалга ошириш, зарур қулайликни юзага келтириш чораларини кўриш лозимлиги уқтирилди. Шу билан бирга кўчаларни асфальтлаш, табиий газ ва электр энергия таъминотига оид масалалар муҳокама қилиниб, мутасаддиларга аниқ вазифалар юкланди.
Маълумот ўрнида айтиш керак, бу ерда 6 сотих майдонга эга, 3 хонали 104 та уй қурилмоқда. Мазкур турар жойларни соҳа ходимларининг касб байрами арафасида фойдаланишга топшириш кўзда тутилган.
***
Маданият вазири ўринбосари Юсуфжон Усмонов хизмат сафари билан Жиззах вилоятида бўлиб, вилоятдаги маданият муассасалари фаолиятини ўрганди.
Хизмат сафари давомида Юсуфжон Усмонов вилоят ҳокимининг ўринбосари Сардор Шукуруллаев ҳамроҳлигида Зарбдор туманидаги 17-сонли ҳамда 18-сонли “Олтин водий” маданият марказлари фаолияти билан танишди.

Вилоят ташкилотлари, маданият бўлимлари мудирлари, болалар мусиқа ва санъат мактаблари раҳбарлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилиш давомида ижро интизоми ҳолати, таъмирталаб маданият марказлари фаолияти, пуллик хизмат кўрсатишнинг аҳволи ҳамда Маданият вазирлиги томонидан маданият муассасаларига берилган мусиқа чолғулари ҳамда автотранспорт воситаларидан фойдаланиш ҳолатларига алоҳида тўхталиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича мутасадди раҳбарларга тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилди.
А.Қаюмов, ЎзА