Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Бахмал туманида “Аёллар дафтари” 1-тоифа рўйхатига киритилган ва маҳалладаги вақтинча ишсиз хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида уларни касб-ҳунарга ўқитиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.


Туманда яшовчи хотин-қизларнинг дастлабки 30 нафари “Аёлларни тадбиркорликка ўқитиш” марказида қисқа муддатли курсларни муваффақиятли якунлади. Шу муносабат билан битирувчиларга марказ томонидан махсус сертификатлар топширилди. Эътиборлиси, аёлларни касб-ҳунарга ўқитиш ишлари маҳаллалар тизимида белгиланган жадвал асосида давом эттириш режалаштирилган.
***
Пахтакор туман оила ва хотин-қизлар ҳамда ФҲДЁ бўлими томонидан “Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш” ўқув-машғулотлари ўтказилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.


Ушбу ўқув-машғулотда оилавий-ҳуқуқий муносабатлар муҳокама қилиниб, репродуктив саломатлик, оилавий ажралишларнинг олдини олиш, маънавий-ахлоқий муҳитни яратиш ҳамда ибратли ота-она бўлиш кўникмаларини шакллантириш мавзуларида давра суҳбати, учрашув ва маърузалар ташкил этилмоқда.
***
Зарбдор туманида “Кексалар ҳафталиги” доирасида руҳий қўллаб-қувватлаш, фитобар ва тўғри овқатланиш мавзуларида кўргазмали амалий семинар бўлиб ўтди. Ушбу тадбир “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази, “Нуронийлар маскани”, “Катта ёшдагилар ва оғир вазиятга тушиб қолган оилалар билан ишлаш шўъбаси” ходимлари, психологлар ва тиббиёт бирлашмаси шифокорлари иштирокида ташкил этилди.



Семинарда 25 нафар тумандаги кексалар ҳамда якка-ёлғиз қариялар ва ногиронлиги бўлган шахслар иштирок этиб, уларга мавзу юзасидан аниқ тавсия ва амалий маслаҳатлар берилди.
***


Зафаробод тумани “Инсон” ижтимоий хизматлари марказида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳиятини тушунтириш ҳамда “Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахслар билан ишлаш” мавзуларида малака ошириш ўқув машғулоти ташкил этилди.
***
Зомин туман ҳокимлиги, Ўзбекистон Маҳаллалар уюшмаси Зомин туман бўлими раҳбар ва масъуллари “Тараққиёт”, “Оқтепа”, “Навбаҳор” ва “Халқобод” МФЙлардаги “маҳалла еттилиги” вакиллари билан учрашиб, уларнинг фаолиятида юзага келаётган муаммолар ва уларни бартараф этиш юзасидан таклифлари билан ўртоқлашди.

Учрашув давомида маҳаллада жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш орқали уларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, ажримлар ва оилавий зўравонликларни олдини олиш бўйича тавсиялар берилди.
***
Мамлакатимизда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида мевали ва манзарали кўчатлар етиштиришга алоҳида эътибор қаралмоқда.


Дўстлик тумани ҳокими Шавкат Дарвишов тумандаги корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича тумандаги 2-сонли умумтаълим мактаби боғида кенгаш ўтказди. Боғдорчилик соҳаси мутахассислари ушбу лойиҳа доирасида тумандаги ушбу таълим муассасаси боғида етиштирилган 50 минг тупга яқин, иқлимга мослаштирилган 12 турдаги етиштирилган мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ҳолатини ўрганиб уларга юқори баҳо берди.
А.Қаюмов, ЎзА.