Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Жиззах вилояти ҳокимининг ўринбосари Акмал Савурбоев бошчилигидаги ишчи гуруҳ Зомин туман ёшларини оталиққа олган масъуллар иштирокида мулоқот ўтказди. Унда таълим сифатини ошириш, ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш, турли кўрик-танлов ва мусобақалар ташкил этиш, фаол ёшларни рағбатлантириш каби масалалар кўриб чиқилди.
Шунингдек, бу борада йўл қўйилган камчиликлар таҳлил қилинди ва камчиликларни бартараф қилиш юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқ берилди. Тадбирда туман ҳокими Алишер Абдуғаниев, вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари Раҳматулла Бўриев амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ҳақида ўз фикрларини баён қилди.



***
Шароф Рашидов туманида вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Абдували Мустанов, Марказий банкнинг вилоят бош бошқармаси бошлиғи Салоҳиддин Ботиров, туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Маъруф Эргашев ҳамда тижорат банклари масъуллари иштирокида тадбиркорлар билан учрашув ўтказди. Унда, тадбиркорлар ўз фаолиятларини кенгайтириш ва янги иш ўринлар яратиш мақсадида тижорат банклари томонидан имтиёзли кредит ҳужжатларини расмийлаштиришда юзага келаётган муаммолар ҳақида тўхталди. Учрашувда тадбиркорлар томонидан 27 та мурожаат келиб тушган бўлса, жами мурожаатлар ўрганилиб, кредит маблағлари ажратилиши маълум қилинди.



***
Зарбдор туман прокурори, туман ҳокимининг биринчи ўринбосари, Ёшлар масалалари бўйича ўринбосари, Ўзбекистон Маҳаллалар уюшмаси туман бўлими, сектор аъзолари, маҳалладаги еттилик билан ўқув-семинар йиғилиши ўтказди. Туманни ишсизликдан ҳоли ҳудудга айлантириш, хусусан, ҳар бир маҳаллада ўнта микролойиҳаларни амалга ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшларни иш билан банд қилиш ва ер ажратиш, ердан самарали фойдаланиш, экспортбоп маҳсулот етиштириш бўйича мутасаддилар зиммасига вазифалар юклатилди.

***
Жиззах вилоятида махсус штаб ташкил этилиб, унинг фаолияти доирасида олиб борилаётган ишлар юзасидан, Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси Жиззах вилоят бошқармаси мутахассиси, штаб котиби Абдусаттор Бобобеков вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати “Медиа маркази”да ўтказилган брифингда журналистларга батафсил ахборот берди.

***
Дўстлик туман адлия бўлими томонидан “Болалар ва ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” ҳуқуқий акцияси доирасида туманнинг умумтаълим мактабларидаги уй таълими асосида таҳсил олаётган ўқувчи ёшлар билан учрашувлар ўтказилмоқда. Уларга таълим муассасалари томонидан дарс соатларининг белгиланиши ва ўқитувчиларнинг дарс ўтиши, ўқув қуроллари билан таъминланганлиги ўрганилиб, ўқувчи ёшларнинг муаммо ва таклифлари эшитилди. Ёшларнинг билдирган таклифлари бўйича тегишли соҳа вакилларига кўрсатма берилди.



***
Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис марказининг умумтаълим муассасаларида жорий йилнинг 6-22 май кунлари “Позитивлик – давр талаби” мавзусидаги психологик саломатлик ойлигини ўтказиш юзасидан Арнасой тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли умумий ўрта таълим муассасаларида ушбу ойлик доирасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, кун давомида бошланғич ҳамда юқори синф ўқувчилари иштирокида стресснинг олдини олиш ва хуш кайфият бағишлаш мақсадида турли хил тренинг машғулотлари ўтказилмоқда. Бу ўз навбатида ўқувчиларнинг ўзлаштириш ва давоматига ижобий таъсир этмоқда.



А.Қаюмов, ЎзА.