Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Ўқувчиларнинг кузги таътил кунларини мазмунли ва мароқли ўтказиш мақсадида Фориш тумани маданият марказида маданий-бадиий тадбир ташкил этилди.

Тадбирда қонун чолғу асбоби, гитара ижрочилиги, рақс тўгараклари ҳамда “Ифтихор” ёшлар жамоаси иштирокида концерт дастури уюштирилди. Шунингдек, флористика ҳамда тасвирий санъат тўгараклари иштирокчилари томонидан ижодий кўргазмалар ҳам намойиш этилди.

***

Республика ишчи гуруҳи томонидан Жиззах шаҳридаги кўп қаватли уйларда ва ижтимоий объектларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари бўйича ўрганиш олиб борилиб, муаммолар бартараф этилмоқда. Жумладан, Жиззах шаҳар 2-сектор ҳудудига қарашли “Кимёгар” МФЙдаги кўп қаватли уйларга “фрамуга” ойналари ўрнатилди. Арнасой тумани ҳокимлигида ишчи гуруҳнинг йиғилиши ўтказилиб, ҳудудда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини юқори савияда ташкил этиш юзасидан режалар тузилди. Мавжуд муаммолар инобатга олиниб, уларни бартараф этиш чоралари ҳам белгиланди.
***

Жиззах вилояти ИИБнинг инспектор-психологлари ҳамда хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспекторлари Шароф Рашидов туманидаги ҳарбий қисмда бир ҳафталик ўқув курсида касбий ва амалий кўникмаларни оширишмоқда. ИИВнинг жорий йил 30 октябрь кунги ҳамда вилоят ИИБ бошлиғининг тегишли фармойиши асосида ташкил этилган ўқувда вилоят ИИБнинг соҳавий хизматлари, прокуратура органлари ва бошқа бир қатор давлат ва ташкилот идоралари мутахассислари томонидан машғулотлар олиб борилмоқда.


***

Янгиобод тумани ҳокими Иброҳим Қаршибоев хитойлик инвесторлар билан учрашиб, туманда цемент маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси хусусида суҳбатлашди. Мазкур лойиҳага асосан, туманда цемент маҳсулоти ишлаб чиқариш учун 182 846,8 минг тонна захира мавжуд бўлиб, хомашё базаси бўлган ер “ABSALUTЕ ACЕS” МЧЖ томонидан очиқ электрон танлов орқали сотиб олинди. Ҳозир умумий қиймати 200 миллион АҚШ доллари, кунлик ишлаб чиқариш қуввати 7500 тонна бўлган цемент лойиҳаси бўйича Хитой давлатидан келган мутахассислар томонидан лойиҳа смета ишлари олиб борилмоқда.
А.Қаюмов,
ЎзА мухбири.