Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Мирзачўл тумани ҳокими Шерзод Аҳмедов маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 12 нафар профилактика инспектори билан учрашди. Жиноятчиликнинг олдини олиш, жиноятларга сабаб бўлаётган омилларни бартараф этиш, фуқароларнинг амалдаги қонунларга ва тартиб-интизомга риоя этишлари юзасидан профилактика ва тушунтириш ишларини олиб бориш, аҳолининг осойишталигини сақлашга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.
Учрашувда “маҳаллабай”, “фуқаробай” ишлаш тизимининг бориши бўйича ҳар бир профилактика инспекторининг ҳисоботи тингланди. Шунингдек, профилактика инспекторларининг олиб бораётган тарғибот-ташвиқот тадбирлари натижасида жиноятчилик камайган ҳудудлар ва аксинча жиноят кўрсаткичи кўпайган маҳаллалардаги вазиятлар танқидий, таҳлилий муҳокама қилинди.


***
Зафаробод тумани ҳокимлиги қошида куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш юзасидан тузилган тезкор гуруҳ томонидан аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини иссиқлик манбаи, электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ ҳамда кўмир таъминоти бўйича мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан белгиланган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, “Зафаробод туман газ таъминот” бўлими ходимлари томонидан хонадонларга табиий газ етказиб беришни бир меъёрда таъминлаш мақсадида Зафаробод газ тақсимлаш станциясидан туманга йўналтирилган газ қувурларини таъмирлаш ва тартибга келтириш ишлари олиб борилмоқда.


***
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кузги кўчат экиш мавсуми Жиззах вилояти Пахтакор тумани “Олмазор” МФЙ ҳудудида ҳам бошлаб юборилди. Ташкил этилган ушбу тадбирда Жиззах вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши, туман “Ободонлаштириш” бошқармалари ҳамда Жиззах “Йўлкўкалам” унитар корхонаси ходимлари фаол иштирок этмоқда. Тадбирда маҳаллага 600 туп арча ва 200 туп ясен дарахт кўчати экилди. Кўчатлар Жиззах ва Бахмал ўрмон хўжаликлари томонидан етказиб берилмоқда.
***
Дўстлик туманида умумтаълим мактаблари юқори синф ўқувчилари ўртасида диний ақидапарастликнинг олдини олиш, терроризмга қарши кураш масалаларига бағишланган маънавий-маърифий тарғибот тадбири ўтказилди. Унда ёшларнинг турли ёд ғоялар таъсирига тушиб қолиши қораланиб, бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан ташкил этилаётган турли тадбир ва спорт мусобақаларида фаол иштирок этиши лозимлиги таъкидланди. Тадбир давомида ўқувчи ёшлар ўртасида “Жаҳолатга қарши маърифат” мавзусида расмлар танлови ҳам ташкил этилиб, ғолиб ва совриндор, турли номинация соҳиблари ташкилотчилар томонидан тақдирланди.

***
Бахмал тумани “Мўғол” қишлоқ фуқаролар йиғинида уюштирилган “Уч авлод учрашуви” тадбирида 350 нафар меҳнат фахрийси, уюшмаган ёшлар ва фаол ёшлар етакчилари иштирок этди.
Учрашувда қатнашган Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими У.Муҳаммадиев “Мўғол” ҚФЙда “Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” дастури асосида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларига юқори баҳо берди.Тадбирда иштирок этаётган уч авлод вакилларининг фаоллигини алоҳида таъкидлади.


А.Қаюмов, ЎзА мухбири.