Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров аҳоли муаммоларини ўрганиш ва уларни бартараф этиш мақсадида Ғаллаорол тумани “Каризқудуқ” ҚФЙ Муқри қишлоғида сайёр қабул ўтказди.
Сайёр қабулда мурожаатларнинг асосий қисми жойида ижобий ечим топди. Эътирозига сабаб бўлган ҳолатлар чуқур таҳлил қилинган ҳолда, бартараф этиш чоралари кўрилди ҳамда уларни ҳал этиш чоралари белгилаб олинди ва масъулларга тегишли топшириқлар берилди.

***
Жиззах вилояти ва Зомин тумани Нуроний жамғармаси, камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш туман бўлими ташаббуси билан Янги Ўзбекистоннинг янги давр талабларига мувофиқ Зомин тумани Нуронийлар жамоатчилик кенгаши ва маҳалла фуқаролар йиғинларидаги “Кексалар маслаҳати гуруҳи” ва “Бувижонлар мактаби” кенгаши фаолиятини янгича иш услублари асосида янада самарали ташкил этиш масалалари бўйича семинар бўлиб ўтди.
Унда вилоятдаги барча туман “Нуронийлар” жамғармаси раислари, кенгаш аъзолари, фуқаролар йиғинлари раислари ва “Кексалар маслаҳати гуруҳи”, “Бувижонлар мактаби” тузилмаси раҳбарлари ва ҳамкор ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.

***
Жиззах вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан Жиззах шаҳрида жойлашган авто эҳтиёт қисмлар бозорида "Фавқулодда вазиятларда ФВДТ хизматларининг ҳамкорликдаги ҳаракатлари” мавзусида махсус-тактик ўқув-машғулотлари ўтказилди.
Ўқув машқи давомида бозорда содир бўлган (шартли) ёнғинни бартараф этиш, инсонларни хавфсиз жойга эвакуация қилиш ҳамда жабрланганларга биринчи тез-тиббий ёрдам кўрсатиш вақтида тезкор хизматларнинг ҳамкорликдаги ҳаракатлари синовдан ўтказилди.

***
Президентимизнинг 2023 йил 2 майдаги қарорига асосан “Манзилли дастур” га киритилган Арнасой туманидаги объектларда қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилмоқда.
Жумладан, тумандаги “Чўлқувар” МФЙ ҳудудида 5 километр узунликдаги очиқ коллекторни механизм ёрдамида тозалаш ишлари амалга оширилмоқда.
Эндиликда ер сатҳида тўпланиб қоладиган сизот сувлари очиқ коллекторлардан чиқиб кетиши орқали ернинг шўрланиш даражасини олди олинди. Бу ўз навбатида томорқа ер эгалари экинлари ривожига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатмоқда.

***
Пахтакор тумани 4-сектор раҳбари Умирбой Сафаров сектор ҳудудидаги маҳалла бешлиги фаолияти билан яқиндан танишиб, вазиятни ўрганмоқда.
Жумладан, сектор ҳудудидаги “Ғалаба” МФЙда бўлиб, масъулларнинг бажарган ишлари муҳокама қилинди. “Aёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”дагиларга амалий ёрдам ва субсидия ажратилиши, жиноятчилик ва ажримларнинг олдини олиш ҳамда маҳалладаги ҳар бир хонадонни чуқур ўрганган ҳолда уларнинг муаммоларини ҳал этиш чораларини кўриш, раҳбариятга таклифлар бериш борасида сектор раҳбари томонидан муҳим топшириқ ва тавсиялар берилди.

***
Абдулла Қодирий номидаги Жиззах давлат педагогика университети қошидаги Мирзачўл агросаноат техникумини 2022-2023 ўқув йилида тамомлаган битирувчиларга дипломлар топширилди.
Тадбирда техникум директори Ш.Маматқулов битирувчиларни техникумни битириб, якуний имтиҳонларни муваффақиятли топширганликлари билан табриклади. Шунингдек, ўтказилган дарслар аҳамияти, ўқув машғулотлари юқори савияда ташкил этилганлиги, замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида, таълим жараёни янада такомиллаштирилганлиги, машғулотлар давомида амалиётга катта эътибор қаратилганлиги таъкидланди.

А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА