Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Арнасой туманида нуроний отахонлар ўртасида ташкил этилган “Кексалик дийдори” деб номланган учрашувда жамиятимизда кексаларнинг ўрни, улар томонидан йиллар давомида тўпланган бой тажриба, малака ва кўникмаларни ёш авлодга ўргатиш, уларга ўрнак бўлиш борасида фойдали фикрлар билдирилди.
Кўп йиллар давомида чўлни бўстонга айлантирган отахонлар шижоатли ва оғир йўллар босиб ўтилганлари бирма-бир эсланди. Самимий мулоқотларда тинч ва хотиржам ҳаётимиз, фаровон кунларимизга шукроналар айтилди ва ушбу тажрибаларни ёшлар фаолиятига амалда қўллашга келишиб олинди.

***
Зафаробод тумани адлия бўлими томонидан вилоят ҳокимининг “Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга доир чора-тадбирлар” дастури асосида тумандаги ёшлар етакчиларига ўқув-семинар ташкил этилди.
Ушбу тадбирда ёшлар етакчиларига уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, соҳага тегишли норматив ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини етказиш билан бирга, касбига садоқат ва фидойилик билан ишлаш, ёшлар билан ишлашда натижадорликка алоҳида эътибор қаратиш бўйича тегишли йўналишлар берилди.

***
Дўстлик тумани ҳокими Шавкат Дарвешевнинг давлат ижтимоий ҳимоясига олинган болалар билан учрашувида Президентимиз раҳбарлигида ёшларга қаратилаётган эътибор, кўрсатилаётган ғамхўрликлар ва бу борада ўтган йиллар мобайнида туманда амалга оширилган ишлар тўғрисида алоҳида тўхтаб ўтилди.
Туман ҳокими учрашувга келган ҳар бир ёш билан юзма-юз мулоқотда бўлди. Уларни оиласи, яшаш шароитлари, қизиқишлари, муаммоларини эътибор билан тинглаб, ён дафтарига қайд этиб борди. Муаммоларнинг асосий қисми жойида ижобий ҳал этилган бўлса, вақт ва маблағ талаб қиладиган масалалар юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинди.

***
Шароф Рашидов тумани солиқ инспекцияси бошлиғи вазифасини бажарувчи, 4-сектор раҳбари Аббос Ваққосов бошчилигида уйма-уй юриш орқали аҳоли муаммоларини ўрганиб, маҳалла фаоллари билан бажариладиган ишлар тўғрисида “йўл харитаси” ишлаб чиқилди.
Жумладан, тумандаги “Тинчлик” МФЙдаги учрашувда уйма-уй юрган ҳолда аҳоли муаммоларини ўрганиш ва уларни бартараф этиш, ишсиз фуқароларни расмий ишга жойлаштириш, тадбиркорликка жалб қилиш ва ўзини-ўзи банд қилиш орқали иш билан бандлигини таъминлаш, ишсиз хотин-қизлар ва ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш мақсадида ўқув-курсларини ташкил қилиш, банд бўлмаган фуқароларни тадбиркорлик субъектлари билан кооперация асосида фаолият кўрсатишларини ташкил этиш каби масалалар муҳокама қилинди ва масъул ходимларга тегишли тавсиялар берилди.

***
Ёшлар ишлари агентлиги Ғаллаорол тумани бўлими бошлиғи О.Назаров ва ҳамкор ташкилотларнинг туман ёшлари билан онлайн мулоқоти ташкил этилиб, унда 35 маҳалладаги студиядан минг нафарга яқин ёшлар иштирок этди.
Беш ташаббус олимпиадасининг янги мавсум тайёргарлиги, маҳаллаларда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳолати атрофлича муҳокама қилинди ҳамда келгусидаги вазифалар ижросини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.

***
“Ҳудудгаз Жиззах” газ таъминоти филиали томонидан вилоятдаги 167 мингдан ортиқ суюлтирилган газ истеъмолчиларига июнь ойида 365,24 тонна, йил бошидан буён эса 9 минг 330 тоннага яқин суюлтирилган газ балонлари етказиб берилди.
Жумладан, Пахтакор туманига жорий йилнинг июнь ойида 15,92 тонна, йил бошидан буён эса 616,26 тоннадан ортиқ суюлтирилган газ балонлари ўз манзилларига етказилди.

А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА