Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Президентимизнинг 2023 йил 26 апрелдаги “Республиканинг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш ҳамда маҳаллий ва хорижий туристлар сонини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори билан аҳолининг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида, туман (шаҳар) марказларида пикник зоналар (ҳудуд) ташкил қилиш вазифаси белгиланган эди.

Топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Жиззах вилоятининг шаҳар ва туманларида 14 пикник зоналар ташкил этилди.
***
Дўстлик тумани маданият саройида фермер хўжаликлари раислари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда туман ҳокими Шавкат Дарвишев қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришдаги кечиктириб бўлмас масалаларга эътибор қаратди.

Бу борада муаммолар ва йўл қўйилаётган камчиликлар атрофлича муҳокама этилиб, пилла сотиш, ғалла ўримига ҳозирлик кўриш, ғўза парваришида зарур агротехник тадбирларни ўз вақтида бажариш, сувни тежаш мақсадида томчилатиб суғориш тизимини янада кенг жорий этиш борасида тавсиялар берилди.
***
Ички ишлар вазирлиги Республика ишчи гуруҳи аъзолари томонидан Жиззах вилояти ички ишлар органлари ходимлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда хизмат фаолиятига оид ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар хусусида маълумот берилди. Шу билан бирга ички ишлар органларига ишга кириш истагида бўлган номзодларга қўйиладиган талаблар, ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришга оид янгилик ва ўзгаришлар тушунтирилди.
***
Арнасой туман солиқ инспекцияси бошлиғи, 4-сектор раҳбари Ҳусниддин Умуров ҳудуддаги “Бўстон” ҳамда “Бахтли” МФЙ раислари, ҳоким ёрдамчилари, хотин-қизлар фаоллари ва ёшлар етакчилари билан учрашув ўтказди.

“Аёллар дафтари” нинг 4-босқичига киритилган хотин-қизларга ёрдам кўрсатиш самарадорлигини ошириш, “Ёшлар дафтари” да рўйхатда турган ёшлар муаммосини ҳал этиб, дафтардан чиқариш, хотин-қизлар ва ёшларни турли спорт ва маданий тадбирларга жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Сектор раҳбари томонидан ишсиз хотин-қизлар ва ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш, томорқадан унумли фойдаланишга ўргатиш, касб-ҳунар ўқув курсларига жалб қилиш ва субсидиялар бериш орқали бандлигини таъминлаш юзасидан масъул ходимларга тегишли топшириқлар берилди.
***
Жиззах вилояти Зомин туманининг олис тоғли ҳудудлардаги давлат мактабгача таълим ташкилотлари сони яна биттага кўпайди.

Туманнинг чекка ва олис “Дуоба” қишлоқ фуқаролар йиғинида янгидан барпо этилган 24-сонли Давлат мактабча таълим ташкилоти иш бошлади. Боғча 120 ўринли бўлиб, бу ерда дуобалик болажонларнинг таълим-тарбия олиши учун барча замонавий қулайликлар яратилган.
Эътиборлиси, ушбу боғчада қишлоқдаги 25 нафар хотин-қиз доимий иш билан таъминланди.
***
Янгиобод тумани ҳокимлиги қишлоқ хўжалиги бўлими томонидан чорва қишлов мавсумига дағал хашак жамғариш ва соҳада натижадорликни оширишнинг замонавий усулларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Ушбу тадбирда қишлоқ хўжалиги соҳасида туманда узоқ йиллик тажрибага эга бўлган мутахассислар, соҳа вакиллари ҳамда ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси вакиллари томонидан иштирокчиларга чорва учун дағал хашак жамғариш ҳамда чорвачиликда натижадорликни оширувчи замонавий усуллар тўғрисида тушунчалар берилди.
***
Зафаробод тумани ҳокими Ўткирбек Раҳмонов ёшлар билан учрашиб, ёшларга қаратилаётган эътибор, имкониятлар ва янгиликлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Спортчи ёшлар томонидан билдирилган таклифлар туман ҳокими томонидан қайт этиб борилди, юзага келган муаммоларни бартараф этиш юзасидан мутасаддиларга аниқ кўрсатма ва топшириқлар берилди.
“Давлат хавфсизлик хизмати раиси кубоги” учун ўтказилган футбол ва минифутбол бўйича туман ғолиб ва совриндорларига ташкилотчиларнинг диплом, қимматбаҳо ва эсдалик совғалари топширилди.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА