Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Фориш тумани ҳудудидаги “Қизилқум” маҳалла фуқаролар йиғинида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Ёшлар боғи” барпо этилиши белгиланган.
Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими ташаббуси билан “Қизилқум” МФЙда барпо этилаётган ушбу бўлажак боғ ҳудудида ҳашар ўтказилиб, ёшлар кучи билан 200 тупдан ортиқ турли мевали дарахт кўчатлари экилди.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Ёшлар ишлари агентлигининг ушбу ташаббуси туманнинг бошқа барча маҳаллаларида ҳам қўллаб-қувватланди. Бўш ерларга, йўл ва сой четларига ташаббускор форишлик ёшлар томонидан мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди.

Мирзачўл тумани оила ва хотин-қизлар ҳамда адлия бўлимлари томонидан ҳудуддаги барча 12 та маҳалла фуқаролар йиғинларидаги хотин-қизлар фаоллари учун “Конституциявий ислоҳот жараёни” мавзусида ўқув-семинар ташкил этилди.
Унда туман адлия бўлими бошлиғи Азиз Аминов томонидан мамлакатимизда жорий йилнинг 30 апрелида ўтказилиши белгиланган умумхалқ референдуми ва уни ўтказиш тартиби ҳақида батафсил маълумотлар берилди ва конституциявий ислоҳот жараёнида янада фаол қатнашишга чақирди.

Арнасой тумани солиқ инспекцияси бошлиғи Х.Умуров 4-сектор ҳудудидаги маҳалла фуқаролар йиғини “бешлиги” билан учрашувлар ўтказмоқда.
Жумладан, у тумандаги “Бўстон” МФЙ раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси ва профилактика инспектори билан учрашиб, уларнинг иш фаолияти билан яқиндан танишди.
Учрашувда ишсиз фуқароларни иш билан таъминлаш, тадбиркорликка жалб қилиш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида турли спорт ва маънавий-маърифий тадбирларга жалб этиш, хотин-қизлар ва ёшлар ўртасида жиноятчилик ҳолатлари содир этилишининг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди.

Дўстлик туманидаги банд бўлмаган фуқароларни иш билан таъминлаш мақсадида очиқ аукцион орқали ҳар бир ишсиз фуқарога меҳнат қилиш имкониятига қараб 0,5 гектардан ер майдони ажратиш ишлари амалга оширилмоқда.
Жумладан, тумандаги “Саноатчилар” МФЙда ишсиз аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида ажратилган 50 сотихдан ер майдонларида кўкламги юмшатиш ва экиш ишлари бошлаб юборилди. Ушбу ер майдонларига “Бир кунда бир тур маҳсулот” тамойилига амал қилган ҳолда қовун, тарвуз, ошқовоқ, кунжут ва бошқа шу каби экинлар экилмоқда.

Зомин тумани Ғафур Ғулом номли маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 80 ёшдан ошган 17 нафар фуқаро ҳолати ва муаммолари туман пенсия жамғармаси, соғлиқни сақлаш бўлими ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ўрганилиб, барчаларига керакли ҳуқуқий, тиббий ва бошқа зарур ёрдамлар кўрсатилди.
Айниқса, юрак муаммолари билан боғлиқ операциялар ижобий ҳал этилаётганидан нуронийлар беҳад миннатдор. Юрак билан боғлиқ жарроҳлик амалиёти ўтказилган отахон ва онахонлар дуога қўл очиб, ана шундай эзгу ишлар рўёбга чиқаришда бош-қош бўлаётган Президентимиз ва ҳукумат раҳбариятидан миннатдор.

А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА