Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 3 февралдаги “Ҳаво ҳарорати кескин совиб кетишининг иқтисодиётга салбий таъсирини камайтириш учун тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан Жиззах вилоятида ўрганишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси ва Шароф Рашидов тумани тадбиркорликка кўмаклашиш маркази томонидан қиш мавсумида аномал совуқдан зарар кўрган тадбиркорлик субъектлари – “MEGA ABDULAZIZ STAR” OK, “GOLD ECO WATER”, “OQTOSH OSIYO METAN” МЧЖларнинг муаммолари ўрганилиб, уларни бартараф этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
Қиш чилласидан сўнг, 70 гектар ерга 25 минг туп бодом кўчати эккан Фориш туманидаги “Буюк жавоҳир тимсоли” фермер хўжалиги аъзолари боғга томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш ишларини олиб бормоқда. Шунингдек, боғ қатор ораларига эртаки пиёз ва бошқа сабзавот экинларини экиш ҳам режалаштирилган.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Арнасой тумани ҳудудига жорий йилнинг баҳорида жами 785 минг 600 дона манзарали ва мевали дарахт кўчатлари ҳамда бута қаламчалари экилади.

Туманнинг “Гулбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғинидан 3 километр узоқликда жойлашган Жамбул кўчасида 70 хонадон мавжуд бўлиб, мазкур аҳоли пункти атрофида бўш турган 3 гектар ер майдони ҳам яшил маконга айлантирилади.
– Лойиҳа доирасида ҳудудга 10 минг дона тут ва 20 минг дона терак кўчати экилиши, 2,2 километр оқава сув тармоғи тортилиши режалаштирилган, - дейди Арнасой туман ҳокими ўринбосари Фахриддин Адилов. – Шунингдек, “Обод қишлоқ” Давлат дастури доирасида “Жамбул” массивига 1,2 километр ичимлик сув қувури ётқизилиб, 3 километр ички йўл шағаллаштирилади.

Зафаробод тумани ҳокими Ўткирбек Раҳмонов Самарқанд ва Бўстон маҳаллалари фуқаролари билан учрашиб, аҳоли хонадонларида муқобил энергия манбаларини ўрнатиш, улардан фойдаланиш бўйича тушунтириш берди.
Туман ҳокими фуқаролар томонидан берилган барча саволларга батафсил жавоб берди. Тадбир якунида, кўплаб фуқаролар ўз хонадонига қуёш энергиясидан электр токи ишлаб чиқариш панелларини ўрнатиш истагини билдирди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА