Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Совуқ об-ҳаво шароитида “JIZZAX SUV TA’MINOTI” MЧЖ Арнасой туман филиали ходимлари саъй-ҳаракати билан истеъмолчиларга узлуксиз равишда тоза ичимлик суви етказиб берилмоқда.
Арнасой туманига ичимлик сувини етказиб беришдаги узилишларнинг олдини олиш мақсадида – “Қўйтош” сув таъминoти иншоотида профилактика-таъмирлаш ишлари олиб борилди.

Энергия ресурслари тақчиллиги ва совуқ ҳаво таъсирида тадбиркорлар дуч келаётган муаммо ва қийинчиликларни бартараф этиш, уларни қўллаб-қувватлаш, юзага келган қийин вазиятдан беталафот чиқиш, иқтисодиёт тармоқларининг барқарор ишлашини таъминлаш, макроиқтисодий кўрсаткичларга эришиш мақсадида Шароф Рашидов тумани ҳокими М.Холбўтаев, туман прокурори М.Сатторов ва бошқа мутасадди раҳбарлар тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этиш учун саноат ва тадбиркорлик объектларида бўлиб, улар билан суҳбатлашди.
Электр энергияси ва кредит қарздорликлари юзасидан муаммолар ўртага ташланиб, уларни ҳал этиш билан боғлиқ муддатлар белгиланди.

Мирзачўл туман оила ва хотин-қизлар бўлими томонидан маҳалла фуқаролар йиғинларидаги хотин-қизлар фаолларининг малакасини ошириш мақсадида Президентнинг 2022 йил 29 июндаги “Маҳаллаларда ижтимоий хизматларни кўрсатиш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ёрдам бериш тизимини янги босқичга кўтариш ҳамда хотин-қизларни касбга ўргатиш ишларини янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бўйича “Маҳалла фаолининг оилалар билан ишлаш механизми ва структураси” мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди.
Семинар давомида маҳаллаларда фаолият кўрсатаётган хотин-қизлар фаолларини ижтимоий хизмат бўйича онлайн ишлашда планшетлар ва янги дастурдан фойдаланиш бўйича зарур маълумотларга эга бўлди.

Инсонларни қадрлаш, кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш халқимизга хос фазилатлардан.
Ғаллаорол тумани 1-сектор ҳудудига қарашли “Мулкуш” қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи 11 нафар ижтимоий ёрдамга муҳтож, кам таъминланган фуқаролар ҳолидан хабар олиниб, саховатли, меҳр-мурувватли инсонлар томонидан ун ва ёғ тарқатилди.
Бу каби саховат тадбирлари туманнинг бошқа қишлоқ ва маҳаллаларида ҳам ўтказилмоқда.

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан Янгиободда давлат фуқаролик хизматчилари учун ташкил этилган онлайн “Сиёсий-маърифат соати”да туман ҳокимлиги ходимлари ҳам иштирок этиб, бугунги куннинг энг муҳим ва долзарб мавзулари тўғрисида зарурий маълумотларга эга бўлди.
Шунингдек, “Сиёсий-маърифат соати”да инсон капиталини ривожлантириш йўналишида Сингапур билан ҳамкорлик, халқаро алоқаларда протокол ва этикет қоидалари, Ўзбекистон ва хориждаги муҳим жараёнлар ҳақида маълумотлар берилди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА