Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Фориш тумани тиббиёт бирлашмасида Ўзбекистон “Адолат” СДП туман кенгаши, тиббиёт бирлашмаси, туман маънавият маркази ҳамкорлигида “Донорлик акция”си ташкил этилди.
Хайрли акцияларни ўтказишда ҳамкор ташкилот сифатида доимо фаоллик кўрсатиб келаётган туман тиббиёт бирлашмасига Ўзбекистон “Адолат” СДП Марказий кенгашининг ташаккурномаси ва туман маънавият марказининг китоблар жамланмаси топширилди.

Жиззах политехника институти жамоаси томонидан буюк қозоқ шоири, мумтоз адабиётининг асосчиси Aбай Қўнонбоев таваллудининг 177 йиллиги муносабати билан “Буюк сиймоларга эҳтиром” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Жиззах шаҳар адлия, ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлимлари вакиллари, институтнинг профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлар иштирок этди.
Бадиий қисмда кафедра қошидаги “Нотиқлик санъати” тўгараги аъзоларидан иборат талабалар ўз иқтидорларини намойиш этди. Унда Aбай қаламига мансуб шеърлар, насиҳатлар ўқилди, қўшиқлар ижро этилди.

Бахмалда қалин қор бўлишига қарамай, энг олис ҳудудлардаги қишлоқ аҳолисига суюлтирилган маиший газ баллонлари ўз вақтида етказиб берилмоқда.
35-40 кунга мўлжаллаб етказиб берилаётган газ баллонлари яқинлашиб келаётган янги йил байрамини ўтказишда қулайлик яратади.

Жиззах вилоят судида мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганининг 30 йиллиги муносабати билан байрам тадбири ташкил этилди.
Унда тизимда меҳнат қилаётган бир гуруҳ ходимлар давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 8 ноябрдаги фармонига биноан таъсис этилган “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирланди.

Янгиобод туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Акмал Суюнов 4-сектор ҳудудига кирувчи “Сармич” маҳалласида МФЙ раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли билан учрашди.
Ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетганлиги сабабли сектор ҳудудидаги ижтимоий-ҳимояга муҳтож хонадонларнинг шарт-шароитлари ўрганилиб, аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА