Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Пахтакор тумани ихтисослаштирилган мактабида “Жадидчилик” намояндаларининг ҳаёт йўли, ижоди ва маърифатпарварлик саъй-ҳаракатларига бағишланган давра суҳбати ўтказилди. Унда жадидчи боболаримизнинг юртимиз равнақи, халқни маърифатли қилиш йўлида амалга оширган ишлари тўғрисида атрофлича маълумот берилди.

Давра суҳбатидан кўзланган мақсад, маърифатпарвар боболаримиз ҳақида ҳар бир ёшнинг хабардорлигини ошириш, илмий ва маънавий дунёқарашини бойитишдир.
* * *
Янгиобод тумани оила ва хотин-қизлар бўлими, мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида тумандаги барча умумтаълим мактабларида “Соғлом авлод келажак пойдевори” шиори остида ўқувчилар билан очиқ мулоқот ўтказилди.
Тадбирда масъуллар томонидан ёшларга эрта туғруқ, эрта турмушнинг салбий оқибатлари, уларнинг олдини олиш, шунингдек, хотин-қизлар учун яратилаётган имтиёз ва имкониятлар хусусида маълумотлар берилди.
* * *
Зарбдор тумани 3-сектор раҳбари Ёқубжон Акабоев “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси учун сайёр қабул ва ёшлар билан учрашув бўлиб ўтди.

Мурожаатлар тиббий ёрдам кўрсатишдаги муаммолар, ичимлик суви таъминоти, моддий ёрдам, имтиёзли кредит, олий таълим муассаса шартнома тўловлари каби масалалар бўйича бўлди.
Ушбу мурожаатларнинг 4 таси жойида ҳал этилган бўлса, қолганлари вақт ва маблағ талаб этганлиги сабабли мутасадди ташкилот раҳбарларига аниқ кўрсатмалар берилиб, ижроси назоратга олинди.
* * *

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан Ғаллаорол, Фориш ва Бахмал туманларидаги мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарлари билан учрашув ўтказилди. Унда асосий эътибор болалар билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва овқатдан заҳарланиш, соҳа ходимлари иштирокида қонунбузарликларга чек қўйиш масалаларига қаратилди.
* * *
Фориш тумани фавқулодда вазиятлар бўлими, “Фориш тумангаз” корхонаси ва миллий гвардия ходимлари аҳоли хонадонларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш, аҳоли ўртасида ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш борасида тарғибот тадбирлари ўтказиш билан бирга, хонадонлардаги иситиш мосламаларини ҳам кўрикдан ўтказмоқда.

Кўриклар жараёнида аниқланган камчиликлар бартараф этилиб, ностандарт иситиш мосламалари вақтинча олиб қўйилмоқда.
* * *
Жиззах гарнизонидаги “н” ҳарбий қисмида Шароф Рашидов туманидаги умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун “Очиқ эшиклар” куни ташкил этилди. Ўқувчи ёшларга ҳарбий қисм ҳақида маълумот берилиб, ўқув бинодаги Жалолиддин Мангуберди ҳамда Амир Темур тематик хоналари билан таништирилди.

Тадбир якунида ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда Ватанга бўлган меҳр-муҳаббат, мардлик, жасорат ва матонат туйғуларини шакллантириш мақсадида очиқ мулоқот ташкил этилди.
А.Қаюмов,
Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА