Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Мирзачўл туманида жамиятда янги маънавий макон яратишда хотин-қизларнинг фаоллигини қўллаб-қувватлаш, фарзанд тарбияси, оила, хотин-қизлар маънавиятини юксалтиришда жамоатчиликка, энг аввало, ёшларга тарбиявий таъсир кўрсата оладиган обрў-эътиборли ва катта ҳаётий тажрибага эга бўлган, фаол ва ташаббускор аёлларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш бўйича хотин-қизлар фаоллари томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, куни кеча “Ғалаба” маҳалла фуқаролар йиғинида “Оқила аёллар” ҳаракати фаолияти ташкил этилиб, улар учун барча зарур шарт-шароитлар яратилди.

Ғаллаорол туманида Оила ва хотин қизлар бўлими томонидан маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда хотин-қизлар фаолларига тумандаги аёллар муаммоларини тизимли ўрганиш ва уларни ҳал этишда кўмаклашиш юзасидан аниқ тавсиялар берилиб, биринчи навбатда “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилган хотин-қизларнинг муаммоларига алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланди.

Жиззах шаҳридаги “Ишга марҳамат!” мономарказ тингловчилари ва маҳалла “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари” рўйхатида турувчи хотин-қизлар учун “Сабр ташкилоти” билан ҳамкорликда 5 кунлик тадбиркорлик қилишга бағишланган ўқув-семинари ташкил этилди.
Тадбирда мономарказ курсини тамомлаган тингловчиларга сертификатлар топширилди.

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров Ғаллаорол тумани “Гулчамбар” қишлоқ фуқаролар йиғинида аҳоли билан очиқ мулоқот ўтказди.
Суҳбатда ҳудуддаги энг долзарб муаммолар ўрганилди. Шунингдек, 2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш дастурини амалга ошириш борасида қилинадиган ишлар ҳам атрофлича муҳокама этилди.

Ёшлар ишлари агентлиги томонидан маърифатпарвар жадид алломаларимизнинг илмий меросини оммалаштириш мақсадида “Жадидлар” рукни остида китоблар тўплами нашр этилган эди.
Маърифатпарвар жадидларнинг ҳаёти ва ижоди, асарларининг қисқача таҳлили, эътирофи, ҳикматли сўзлари ва бошқа жиҳатлари ўрин олган мазкур тўплам Ёшлар ишлари агентлиги Ғаллаорол тумани бўлими томонидан ҳудуддаги барча умумтаълим мактаблари кутубхоналарга топширилди.

А.Қаюмов, ЎзА