Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Арнасой туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий масалалар бўйича ўринбосари Насиба Эргашева туман марказий шифохонасида бўлиб, беморлар ҳолидан хабар олди ва тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар билан яқиндан танишди.
Фуқаролар соғлигини сақлаш борасида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратилганлиги, шунингдек, тиббий хизматлар кўлами ва сифати юзасидан жамоатчилик фикрини ўрганди.
* * *
Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Жиззах вилоятида ўтказилаётган “Саломатлик ҳафталиги” доирасида Дўстлик туманида ишлар тизимли йўлга қўйилган.


Республика миқёсидаги шифохоналарнинг етук жарроҳлари туман марказий шифохонасида даволанаётган беморларга тиббий хизматлар кўрсатиш билан бирга мураккаб жарроҳлик операцияларини ҳам амалга ошираяпти.
* * *
Зарбдор тумани 3-сектор раҳбари, туман ички ишлар бўлими бошлиғи подполковник Ё.Акабоев “Шодлик” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи ёшлар билан учрашиб, мурожаатларини тинглади. Кўтарилган масалаларнинг асосий қисми жойида ўз ечимини топди.
Учрашув сўнгида, маҳалладаги “Ёшлар дафтари” рўйхатидан ўрин олган 2 нафар йигитга электр билан ишлайдиган пайвандлаш ускунаси топширилди. Энди улар ўз-ўзини банд қилди.
* * *
Зафаробод туманида адлия бўлими бошлиғи Б.Икромов ҳамда бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ходимлари томонидан ўтказилган сайёр қабул жараёнида 27 нафар фуқаронинг мурожаати жойида кўриб чиқилиб, 7 таси қаноатлантирилди, 14 мурожаатга ҳуқуқий тушунчалар берилди ва 6 нафар фуқаронинг жорий йил март ойи учун нафақа олиш ҳақидаги мурожаати ижро учун қабул қилинди.
Бундан ташқари, сайёр қабулга келган фуқаролар ўртасида, ижтимоий тармоқ орқали болалар нафақаси тайинлаш жараёни бўйича билдирилган танқидий фикрларга қарор талабларидан келиб чиқиб, атрофлича маълумотлар берди.
* * *
Зомин тумани мактабгача таълим бўлими ташаббуси билан ҳудуддаги мактабгача таълим ташкилотларининг тайёрлов ва катта гуруҳ тарбияланувчилари иштирокида “Заковат” интеллектуал ўйини ташкил этилди.
Интеллектуал ўйин ғолиб, совриндор ва барча иштирокчилари, ташкилотчиларнинг диплом, фахрий ёрлиқ, қимматбаҳо ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
* * *
Мирзачўл туман ҳокимлиги ва тадбиркорлар томонидан “2022-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси Тахтакўпир тумани “Маржонкўл” маҳалла фуқаролар йиғинини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари дастури” ижроси доирасида кўрсатилган ҳомийлик ёрдами юкланган машиналар Гагарин шаҳридан жўнаб кетди.
Ушбу ҳомийлик ёрдами таркибида Мирзачўлда маҳаллий корхона ва тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар: кийим-кечак, маданий-маиший техникалар ижтимоий соҳа объектларига, шунингдек, “Темир дафтар”даги кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларга ижтимоий ҳимоя сифатида тақдим этилади.
* * *
Фориш туман прокурори Мирзараҳим Отақулов раҳбарлик қилаётган 2-сектор ҳудудидаги 6 та маҳалла фуқаролар йиғини уюшмаган ёшлари ўртасида спортнинг мини-футбол тури бўйича мусобақалар бўлиб ўтди.

Муросасиз ва кескин курашлар остида ўтган беллашувда “Прокурор кубоги” “Мустақиллик” МФЙ уюшмаган ёшлари жамоасига насиб этди. “Яссикечув” ҳамда “Илонли” маҳалласи ёшлари мос равишда 2- ва 3-ўринларни эгаллади.
Ғолиб ва совриндор жамоаларга ташкилотчининг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
* * *
Жиззах вилоят матабгача таълим бошқармаси бошлиғи Феруза Солиева Шароф Рашидов тумани фуқаролари учун сайёр қабул ўтказди.
Сайёр қабулда келиб тушган мурожаатлар асосан, болаларни мактабгача таълим ташкилотларига жойлаштириш, болалар учун тўланадиган ойлик бадаллар миқдори, МТТлардаги озиқ-овқат таъминоти, МТТларга ишга жойлаштириш, ўз уйларида “уй боғчалари” ташкил этиш, маҳаллага янги МТТ қуриб берилиши каби масалаларда бўлди.
Кўтарилган масалаларнинг 60 фоизи жойида ҳал этилган бўлса, 15 фоизига ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Қолган мурожаатлар ўрганилиши вақт, амалга оширилиши маблағ талаб қилганлиги сабаб, уларнинг ижроси юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берилди.
* * *
Янгиобод тумани халқ таълими бўлими ташаббуси билан туман Ахборот-кутубхона маркази томонидан ҳудуддаги барча мактаб кутубхоначилари учун ўқув-семинар ташкил этилди.
Семинарда кутубхоначиларга аҳоли ва ёшлар орасида китоб ўқишга бўлган қизиқишни янада ошириш бўйича таклиф ва фикрлар билдирилди.
Тадбирда ахборот-кутубхона маркази директори Ф.Раҳимов кутубхона ва кутубхоначи фаолияти, асосий вазифалари ҳақида атрофлича тушунчалар берди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА